Bog'lanish

Telefon
(+998 70) 201-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

Янги имтиёзлар ва кафолатлар тизими


Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан “Хорижий инвестиция ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқий ҳимояси” мавзусида ўтказилган семинар юртимизда хорижий инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг амалий ижросига қаратилди. Тадбирда Савдо-саноат палатаси, банк, солиқ, божхона, шунингдек, турли йўналишда фаолият кўрсатувчи хорижий инвестициялар ва хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар вакиллари иштирок этди.

Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар муҳим ўрин тутади. Республикамизнинг иқтисодий ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашда хорижий инвестициялардан кенгроқ фойдаланишга катта аҳамият қаратилмоқда.

Шу жиҳатдан, Тошкент вилояти саноат салоҳияти юксалиб бораётган ҳудудлардан бири саналади. Вилоятда хорижий инвестициялар иштирокидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг ташкил этилиши ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга қонунларда белгиланган қўшимча имтиёз, кафолатлар берилаётганлиги сармоядоралар қизиқишининг ортишига хизмат қилмоқда.

Адлия органларига ҳам хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган изчил ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўриш вазифаси юклатилган.Биргина вилоятда 2011 йил якунларига кўра, 26 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар рўйхатдан ўтказилди ва вилоят иқтисодиётига 147,8 млн. доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинди, 2 минг дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. 2011 йил ҳамда 2012 йилнинг 1 чораги давомида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан юзга яқин ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилди. Судларга хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар манфаатлари бўйича қарийб 2 млрд. сўмлик даъво аризалари киритилган.

Ўтказилган тадбирда, мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантиришда “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрель кунги Фармони янги имтиёзлар ва кафолатлар тизимини яратишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Фармонда мустақиллик йилларида мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳит шакллантирилганлиги, айниқса, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш жараёнлари такомиллашгани, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар белгиланганлиги ўз аксини топган.

Анжуманда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар вакилларига мамлакатимизда яратилаётган қулай сармоявий муҳит, Ўзбекистон Республикасининг соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг аҳамияти, миллий иқтисодиётимизга инвестиция киритиш кафолатлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди ва улар фаолиятидаги масалалар ечими хусусида мутахассислар билан атрофлича фикр алмашилди.