Bog'lanish

Telefon
(+998 70) 201-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Юксак қадрга муносиб меҳнат


“Қишлоқ хўжалигини юритишнинг шундай механизмини яратиш керакки, бу ҳар бир деҳқонга ўз меҳнатининг самараларидан мустақил баҳраманд бўлиш имкониятини берсин. Ана шундагина деҳқон ўзини ҳақиқатдан ҳам ернинг чинакам эгаси деб билади!”.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 1992 йилда нашр этилган “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” китобида ёзилган бу сўзлар қишлоқда бозор муносабатларини ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, инсонлар онгида мулкдорлик тушунчалари ва ерга эгалик туйғусини шакллантириш борасидаги эзгу ишларнинг бошланиши эди. Бугун мамлакатимизда ер ўзининг ҳақиқий эгасини топган, фермерлар жамиятимизда етакчи кучга, қишлоққа саноат, ишлаб чиқариш ва тараққиёт олиб кирувчи ташаббускорга айланган.

Фермерлик ҳаракати бошланган дастлабки йилларда унинг келажагига шубҳа билан қараганлар ҳам, бу ишни бирданига ва осонгина мўмай пул топиш манбаи деб ўйлаганлар ҳам бўлди. Бундай қараганда фермерлик осондай кўринади: экин экасан-у, ҳосил йиғиб олаверасан. Аслида у машаққатли меҳнат, тажриба ва сабр-тоқатни талаб қилади. Одамларнинг ризқ-рўзи, керак бўлса, тақдири билан боғлиқ масъулиятни зиммага олишнинг ўзи бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 1 апрель куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида “Деҳқоннинг меҳнати, чеккан машаққатини фақат деҳқон билади. Саноат корхонасида ишлаш ҳам албатта осон эмас, лекин ишчи ёки муҳандиснинг иш вақти аниқ. Аммо, айтинглар, деҳқоннинг аниқ иш вақти борми? Агарки шундай меҳнатни қадрламасак, нимани қадрлашимиз керак ўзи?”, деб алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, фермерликнинг меҳнати енгил эмас, нони қаттиқ. Аммо бунга чидаган роҳатини ҳам кўради. Буни Тошкент вилоятидаги 6 минг 177 фермер хўжалиги фаолияти мисолида ҳам кузатиш мумкин. Улар орасида нафақат пахта ва ғалла етиштириш, балки сабзавотчилик, узумчилик, чорвачилик ва бошқа соҳаларда ҳам самарали фаолият юритаётган, қурилиш, хизмат кўрсатиш, савдо, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш асосида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этаётган ўнлаб кўп тармоқли фермер хўжаликлари бор.

– Президентимиз раҳнамолигида фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли қишлоқ мулкдорлари юрт ободлиги ва эл фаровонлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшаётир, – дейди Тошкент вилояти фермерлар кенгаши раиси Тўлқин Тўраев. – Биргина ғаллани олайлик: 90-йиллар бошида ҳосилдорлик 22 центнердан ошмаган бўлса, бугун бу кўрсаткич 52 центнердан ортди. 2012 йилнинг ўзида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,7 фоиз, 2000 йилга нисбатан эса икки баробар ошди.

Бўстонлиқ туманидаги Сойлиқ қишлоғига йўлингиз тушса, замонавий гузар эътиборингизни тортади. Атрофига каштан ва атиргуллар экилган, барча қулайликка эга бу сўлим маскан “Сойлиқ-Азимжон-Нодиржон” фермер хўжалиги кўмагида барпо этилган. Гузарда савдо дўконлари, замонавий ошхона ишлаб турибди. Энди қишлоқ аҳли уй-жой қуриш ёки таъмирлаш учун қурилиш материаллари излаб шаҳарга бориб юрмайди. Фермернинг саъй-ҳаракатлари билан гузарда қурилиш материалларига ихтисослашган дўкон очилди. Чорва учун ветеринария дорихонаси ҳам қишлоқ аҳлига хизмат кўрсатмоқда.

Қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш мақсадида сув минораси барпо этилди. Уч гектарда янги тутзор яратилди, товуқ фермаси қурилди. Хўжалик раҳбари Тоҳиржон Рустамбоев ердан унумли фойдаланиш мақсадида икки йил аввал 23 гектарда боғ барпо этди. Боғда экилган нок, олма, гилос каби мевали дарахт кўчатларидан мўл ҳосил олинмоқда.

– Ҳар бир ишда бўлгани каби фермерликнинг ҳам қийин томонлари бор, – дейди Зангиота туманидаги “Шокарим ҳожи” фермер хўжалиги раҳбари Тўлқин Тўхтаниёзов. – Халқимизда “деҳқончилик бир йилда, чорвачилик қирқ йилда”, деган нақл бор. Деҳқоннинг ҳосили бир йил кам бўлса, кейинги йил тўғрилаши мумкин. Бироқ чорвани озуқасидан, соғлиғидан ўз вақтида хабар олмасангиз, қирқ йилда ҳам косангиз оқармайди. Чорванинг ортидан қолмадик, кам бўлганимиз йўқ. 2000 йилда 15 бош қорамол билан фермер хўжалиги ташкил этгандик, ҳозир 220 бошга етди.

Бундан ташқари, хўжаликка “Қишлоқ қурилиш банк”дан олинган сармоя эвазига ўтган йили сутни қайта ишлаш ускунаси харид қилинди. Ҳар куни 5 тонна сут қайта ишланиб, 16 хилда маҳсулот тайёрланиб, болалар боғчалари, касалхона, супермаркет ва бозорларга етказиб берилмоқда. Ўндан зиёд иш ўрни яратилди.

Бугун деҳқон буйруқ кутиб ўтирмайди. Нимани қачон экишни ва қандай парвариш қилишни яхши билади.

Вилоят деҳқонлари қайта ишлаш тармоқларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш билан бирга, пойтахтимиз бозорларига ҳам мева, сабзавот, гўшт, сут, тухум ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бермоқда. Бу – деҳқон ва фермерларимизнинг ғайратли меҳнати, омилкорлиги ва ташаббускорлиги самараларидандир.