Bog'lanish

Telefon
(+998 70) 201-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

Меҳнат қонунчилигида иш вақти


Меҳнат қонунчилигида иш вақти 






Иш вақти бу одамнинг иш графиги ёки меҳнат интизоми доирасида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажарган ҳолда ишхонада ўтказган вақтидир. Иш куни тушунчаси вақт чегарасини билдиради ва унинг мобайнида ишчи иш жойидан ажралмаслиги назарда тутилади.

Меҳнат кодексининг 114-моддасида иш вақти тушунчасига тавсиф берилган: “Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади”. Иш ҳафтасининг эса асосан икки тури мавжуд — бу 2 кун дам олинадиган 5 кунлик иш ҳафтаси ёки 1 кун дам олинадиган 6 кунлик иш ҳафтаси. МКнинг 115-моддасига кўра, ҳодим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Ташкилотларда иш кунлари бўйича иш вақти давомийлигининг бошқа тартиби ҳам кўзда тутилиши мумкин. Бунда асосийси иш вақтининг ҳафтасига 40 соатдан ортиб кетмаслиги шарт.

Шунингдек, меҳнат қонунчилигида Қисқартирилган иш ҳафтаси деган тушунча мавжуд. Ушбу ҳолатда одам белгиланган меъёр бўйича ишлайди, яъни кунига 8 соатдан, аммо ҳафтасига 5 кун эмас, масалан, уч ёки тўрт.

Қисқартирилган, яъни нотўлиқ иш куни бўйича иш берувчи билан олдиндан келишиб олиш даркор. Бундай турдаги иш режимида ишлашга қуйидагиларга рухсат берилади:

18 ёшга тўлмаган ходимлар;

I ва II гуруҳ ногирони бўлган ходимлар;

ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар;

алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар;

уч ёшга тўлмаган болалари бор;

бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга.

Айтиш керакки, иш вақтининг муддати:

16 дан 18 ёшгача бўлганларга – ҳафтасига 36 соатдан;

15 дан 16 ёшгача бўлганларга – ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланган.

Бундан ташқари, қонунчилик билан “Алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги қисқартирилган иш куни белгиланадиган ходимлар рўйхати” тасдиқланган (Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган). Унга кўра, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим ва педагог ходимлар телевидение ва радиоэшиттириш соҳаларининг айрим ходимларига мазкур ҳуқуқ берилган.

Байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати иш ҳафтасининг беш ёки олти соатлик бўлишидан қатъий назар барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг119-моддасига кўра, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин. Аммо қонунчиликда тўлиқсиз иш вақтида иш соати қанча вақтга (соатга) қисқаришига аниқлик киритилмаган.

Қонунчиликка кўра иш берувчи қуйидагиларга илтимосига кўра уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбур:

ҳомиладор аёлнинг;

14 ёшга тўлмаган (16ёшга тўлмаган ногирон) боласи бор аёлнинг;

ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг ёки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг.

Тўлиқсиз иш шароитида ишлаш ходим учун асосий йиллик таътилнинг қисқартирилиши, меҳнат стажининг камайтирилиши ва бошқа меҳнат ҳуқуқларининг қисқартирилишига сабаб бўла олмайди.

Тўлиқсиз иш вақти меҳнат шартномасида албатта кўрсатилиши керак.

Тўлиқсиз иш вақти қисқартирилган иш вақтидан меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби билан фарқланади. Агар тўлиқсиз иш кунида меҳнатга ҳақ тўлаш ишланган вақт, бажарилган ишга қараб амалга оширилса, қисқартирилган иш вақтида меҳнатга қонунчилик билан белгиланган миқдорда тўлиқ ҳақ тўланади.

Шунингдек, меҳнат қонунчилигида Иш вақтидан ташқари иш тушунчаси мавжуд. Ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Қонунчиликка кўра, иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин, аммо қуйидаги ҳолатларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди:

иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда;

шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда.

Иш вақтидан ташқари иш учун икки ҳиссадан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Аммо МКнинг 125-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун:

сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан;

меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — 1 кунда 2 соатдан;

йилига эса 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим.


Қуйи Чирчиқ туман адлия бўлими

 Бош маслаҳатчиси Р.Нурматов