Президентлик институтининг ўзбек модели

Дата: 10.03.2015    

ХХ асрда Ўзбекистон иттифоқдош республикалар ичида биринчи бўлиб Президент лавозимини таъсис этган ва ўзбек модели асосида замонавий президентлик институтига асос солган давлатлардан бири ҳисобланади.

Бошқача айтганда, ҳозирда БМТга аъзо бўлган 190 дан ортиқ давлатдан 143 тасида, яъни қарийб 75 фои­зида президент лавозими жорий этилганлигини инобатга оладиган бўлсак, дунёда республика бошқарув шаклига асосланган мамлакатларда халқ томонидан тўғридан-тўғри, сайловчилар корпуси, парламент ёки бошқа органлар томонидан даврий сайловларда муайян муддатга сайланадиган ҳамда давлат бошлиғи ҳисобланадиган олий мансабдор шахсни ифодаловчи институт сифатида кенг қабул қилинган.

Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда президентлик институти жорий этилган 143 та давлатда ушбу давлат бошқарувининг умумий ва ўзига хос ҳуқуқий хусусиятлари мавжуд. Гарчи тарихий-ҳуқуқий нуқтаи назардан дунёда президентлик институти давлат бошқарув шаклининг асосан кенг тарқалган ва тан олинган институти бўлса-да, у давлат америкача ёки бу давлат французча моделларга тўла асосланган, дея айта ололмаймиз ва бундай дейишнинг ўзи ҳам нотўғри бўлади. Чунки халқаро ҳуқуқ тили билан айтганда, ҳар бир давлат ўзига хос тараққиётга ва миллий ҳуқуқий тизимга, ўзига хос суверен демократик ривожланиш йўлига эгадир.

Масалан, давлат бошқарувининг президентлик республикасига асосланган мамлакатларга хос хусусиятларидан бири — бу президентнинг фуқаролар томонидан умумий, тенг, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш орқали сайланиши ҳисобланса, президентлик институти амал қиладиган айрим мамлакатларда президент билвосита сайлов ҳуқуқи асосида сайланади. Хусусан, АҚШда президент тўғридан-тўғри эмас, балки сайловчилар коллегияси орқали, Индонезияда миллий консультатив конгресс орқали Италияда парламент палаталарининг қўшма мажлисида сайланади.

Мамлакатимизда Президент лавозими Олий Кенгаш томонидан 1990 йилнинг 24 мартида жорий этилди.

Энг муҳими, бу мустақил, демократик давлат барпо этиш сари ташланган илк тарихий қадамлардан бири эди.

Айниқса, Конституциямизнинг қабул қилиниши ва Асосий қонунимизнинг ХIX боби, яъни 89-моддасидан бошлаб 97-моддасигача Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилганлиги муҳим аҳамият касб этди.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда демократик ривожланишнинг муҳим талаби — “ҳокимиятлар тизимида бир-бирини тийиб туриш ва мувозанат сақлаш” принципини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, президентлик институтининг конституциявий-ҳуқуқий мақомини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, 2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра ҳамда унинг асосида қабул қилинган 2003 йил 24 апрелдаги қонунга мувофиқ Конституциянинг қатор бобларига, хусусан, XIX бобнинг 89-моддасига киритилган тузатишларга биноан аввал амалда бўлган “Ўзбекистон Республикаси Президенти айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг раиси ҳамдир”, деган норма чиқариб ташланди. Бунга асосан, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига раҳбарлик қилиш, Президент томонидан қабул қилинаётган қарорлар ва уларнинг ижросини таъминлаш Бош вазир зиммасига юклатилди.

2007 йил 11 апрелда “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги конституциявий қонун ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моддаларига тузатишлар киритиш тўғрисида (89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига)”ги Қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан давлат бошлиғи ижро этувчи ҳокимият бошлиғи, дейилган норма олиб ташланди.

2008 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Президентнинг ҳуқуқий мақоми янги мазмун касб этиб, унинг зиммасига давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш масъулияти юклатилди. Мазкур норманинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳокимият бўлиниши принципига асосан ташкил қилинган бўғинлар таркибига кирмайди, балки Конституцияда мустаҳкамланган ваколатлари асосида ҳар уч мустақил бўғин фаолияти натижасида давлат ҳокимиятининг мақсади ва мазмуни ягоналигини таъминлаш функциясини бажаради.

Асосий қонунимизга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради.

Мамлакатимизда президентлик институтининг бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, яна бир муҳим ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Умуман айтганда, Ўзбекистонда, авваламбор, миллий тарихий тараққиёт, кўп мингйиллик ўзига хос ҳуқуқий тизим ҳамда ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда ҳеч бир давлатга ўхшамайдиган, бугунги кунда халқаро жамоатчиликнинг катта қизиқиши ва доимий эътиборида бўлган президентлик институтининг ўзбек модели яратилган.

Ҳусан Турсунов, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди