Янгиликлар
Фермерликни янада такомиллаштириш
Тошкент вилояти адлия бошқармаси ва вилоят Фермерлар кенгаши ҳамкорлигида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунларининг аҳамияти юзасидан фермер хўжалиги раҳбарларининг иқтисодий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида анжуман ташкил этилди.
Унда Тошкент вилояти Фермерлар кенгаши, прокуратура, хўжалик суди, солиқ, банк, тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналар вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор муносабатларини жорий этиш ва хусусий мулкчилик шаклини ривожлантиришга йўналтирилган иқтисодий ислоҳотлар бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Фермерликни ривожлантириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллиги учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар ва кафолатларни яратиб берувчи Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда бошқа қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Фермер хўжаликларининг ер, сув ва моддий-техника ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмлари муттасил ошиб боришини, фермер хўжаликлари самарадорлиги ва рентабеллиги ўсишини таъминлаш имконини берадиган моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ер майдонларини мақбуллаштириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Қишлоқ хўжалиги ерларининг узоқ муддатли ижара мулки қилиб берилиши ва қишлоқда бозор муносабатларининг жорий қилиниши фермер хўжаликларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришнинг энг муҳим омили ва асоси бўлди, бунинг натижасида ерга ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга ҳақиқий эгалик туйғуси мустаҳкамланди.
Сўзга чиққанлар фермер хўжаликларини янада такомиллаштириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш, ер-сув ресурсларидан ҳамда яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланишда, қишлоқни жадал ривожлантириш, ободонлаштиришда, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда уларнинг ролини кучайтириш тадбирлари амалга оширилаётганлигини қайд этишди.
Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам фермерларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, шартнома муносабатларида уларнинг иштирокини янада кенгайтириш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Адлия бошқармаси томонидан фермер хўжаликларини ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, 2012 йил мобайнида киритилган тақдимномаларга асосан, 8 млрд. 524 млн. сўм пул маблағлари фермер хўжаликларига қайтарилди, хўжалик судига киритилган даъво аризаларининг 4 млрд. 906 млн. сўмлиги фермерлар манфаатида тўлиқ қаноатлантирилди. Фермер хўжаликларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича “Ишонч телефони” йўлга қўйилган. Ишонч телефонларига бўлган мурожаатлар орқали фермер хўжаликларига тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Бошқарма томонидан фермерлар учун ўқув семинарлар ташкил этилиб, уларда фермерлик фаолиятини ривожлантириш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан зарур маълумотлар берилмоқда.
Тадбирда қишлоқ хўжалиги шартномалари тузишда фермер хўжаликлари ваколатлари ва мажбуриятлари, уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизми, қишлоқ мулкдорларига яратилган имтиёз ва кафолатлар, қишлоқ жойларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринларини ташкил этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.