Bog'lanish

Telefon
(+998 70) 201-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.DSC02083.JPG

Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бирга, давлат бошқаруви органлари, вазирликлар, қўмиталар, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотларидан мутахассислар, ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчилар иштирок этдилар.

Экспертларнинг фикрига кўра, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишда аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, хуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ҳуқуқий таълим ва тарбия, кенг аҳолининг мазкур йўналишдаги билимларини ошириш, айниқса ёшларни қонунларга ҳурмат ва итоат руҳида тарбиялаш борасида муайян тизим яратилди. Ҳозирда ўндан ортиқ қонун ҳужжатлари соҳадаги муносабатларни тартибга солиб келаяпти. Улар жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги вазифалар билан атрофлича шуғулланиш имконини берди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига биноан Адлия вазирлиги ҳузурида ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш юзасидан идоралараро кенгаш тузилган.

Матбуот анжуманида мазкур кенгаш бу борада тизимли, изчил фаолият олиб бораётгани қайд қилинди. Жумладан, Адлия вазирлиги томонидан давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда жамоат бирлашмалари билан меморандумлар имзоланди, конференция, семинар, давра суҳбатларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича услубий қўлланма яратилди. Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни амалга оширишда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.

Тадбир қатнашчилари эътиборига ҳуқуқий тарғибот ва маърифатни мувофиқлаштириш борасида ўтган 2014 йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига оид далил ва рақамлар ҳавола этилди. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, таълим муассасалари ва жамоат бирлашмалари томонидан 1 миллион 160 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди ва уларда қарийб 13 миллион киши қатнашди. Ушбу анжуманларнинг 57 мингтаси бевосита адлия органлари ва муассасалари ҳиссасига тўғри келади.

Ҳуқуқий маданияти юксак бўлган инсон қонунларни, жамиятдаги урф-одат ва ахлоқ меъёрларини ҳурмат қилади, уларга оғишмай риоя этади, шу билан бирга, ҳуқуқбузарликларни содир этишдан ҳам тийилади.

Шу маънода ҳуқуқий тарбия ва тарғибот ишларини янада кучайтириш орқали шахснинг ҳуқуқ, эркинлиги ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш маҳаллий давлат ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, таълим муассасалари ва маҳалла тузилмасининг узвий ҳамкорлигини бунданда мустаҳкамлашни талаб қилади.

DSC02083.JPGАйни чоғда Адлия, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ҳар йили мактаб, лицей, коллеж ҳамда олий ўқув юртларининг ўқувчи ва талабалари ўртасида ўтказилаётган “Сиз қонунни биласизми?”, “Ёш ҳуқуқшунослар”, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Тафаккур синовлари” каби кўрик-танловларнинг ҳам бу борадаги аҳамияти катта бўлаётир.

Давр талабидан келиб чиқиб, ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали етказиб бериш амалиёти ҳам кенг йўлга қўйилди. Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси” – “Lex.UZ”нинг яратилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантирди. Ундан бир кунда 12 минг нафардан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар бепул фойдаланмоқда.

Шу билан бирга, ҳозир мамлакатимизда ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган 5 та журнал ва 40 тага яқин газета чоп этилмоқда. Ўтган давр мобайнида Конституция, қонунлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларини шарҳлашга қаратилган 342 минг нусхадан ортиқ дарслик, қўлланма ва оммабоп юридик адабиётлар нашрдан чиқди.

Учрашувда ҳуқуқий тадбирларнинг сифати ва таъсирчанлигини ошириш, маърузаларни ҳаётий мисоллар билан бойитиш, турли кўргазмали материаллар ва ахборот технологиялардан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан турли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Журналистлар идоралараро кенгашнинг жорий йилдаги режалари билан қизиқдилар.

Сайлов қонунчилигини кенг тарғиб этиш, кекса авлод вакилларининг ижтимоий муҳофазаси, уларнинг ибратли ҳаёти ва меҳнат фаолиятига оид турли мавзулардаги ҳуқуқий маърифий тадбирлар ташкил этиш бирламчи вазифа эканлиги қайд этилди.