Bog'lanish

Telefon
(+998 70) 201-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот


2013 йил 28 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.11.jpg

Сенаторлар ўз ишларини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган ва бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган иккита Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.

Чунончи, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрирда) кўриб чиқиш вақтида қонун фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштиришга, маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантиришга, шунингдек, давлат органлари фаолияти устидан жамоат назоратини амалга ошириш тизимида маҳалланинг вазифаларини кенгайтиришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Қонун билан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга оширишдаги, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган ёшлар никоҳдан ўтаётганида ҳамда тўй тантаналарини ўтказаётганида уларга моддий ёрдам кўрсатиш, боласи икки ёшга етмаган, ишламаётган оналарга, шунингдек, бюджет ташкилотларида ишлайдиган оналарга ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш каби ваколатлари анча кенгайтирилди.

Фуқаролар йиғинларининг кенгашларига аҳолини, шу жумладан ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож ёлғиз қолган кекса фуқароларни, пенсионерларни ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшларга ишга жойлашишда кўмаклашиш масалаларида қўшимча ваколатлар берилмоқда. Сенаторлар ушбу қонунни маъқулладилар.

Сенаторлар “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрирда) муҳокама қилар эканлар, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизимини янада такомиллаштиришга қаратилганлигини, бу тизим катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳамда аҳолининг ҳурмати ва ишончини қозонган муносиб фуқаролар раислар ва уларнинг маслаҳатчилари этиб сайланишини, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови тизимини янада демократлаштиришнинг очиқлигини таъминлашини таъкидладилар.

Шунингдек, қонун билан фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга қўйиладиган қўшимча талаблар белгиланмоқда, жорий этилаётган тартибга кўра фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар ўз чиқишларида келгусидаги фаолиятлари дастурини эълон қилишлари керак.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни ташкил этиш ва ўтказишдаги ваколатлари кенгайтирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Кенгаши сайлов ўтказишнинг аниқ муддатларини ҳамда тайёргарлик тадбирларининг тартибини белгилайди. 
Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрирда) кўриб чиқдилар. Муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар ушбу қонун йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик асослари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мустаҳкамлашнинг, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки, шунингдек, атроф-муҳит ҳимоя қилинишини таъминлашнинг муҳим омили эканлигини кўрсатиб ўтдилар.

Қонуннинг янги таҳририда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари, давлат бошқаруви, бу ишни ташкил этишда жамоатчиликнинг иштироки масалалари аниқ тартибга солинган. Йўлларнинг ҳолатига, фаолияти транспорт воситаларини ишлатиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларга, уларнинг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва уларнинг билимларини текширишга қўйиладиган талаблар жиддий ўзгартирилмоқда, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Сўзга чиққан сенаторлар ушбу қонуннинг асосий мақсади Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги жараёнини амалга оширишнинг мавжуд тартибини янада такомиллаштиришдан, қонун лойиҳаларини парламент қуйи палатасида кўриб чиқишда сиёсий партияларнинг фракциялари ва депутатлар гуруҳлари иштирок этишининг процессуал механизмини такомиллаштиришдан иборат эканлигини кўрсатиб ўтдилар.

Ушбу қонунни муҳокама қилиш вақида кўрсатиб ўтилганидек, қонуннинг қабул қилиниши, шубҳасиз, депутатларнинг профессионал фаоллигини ҳам, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳларининг қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашдаги, уларни муҳокама қилиш ва такомиллаштиришдаги ролини ҳам оширади. Бу эса қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифатига, қонун ижодкорлиги жараёнини янада демократлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Сенаторларнинг фикрича, таклиф қилинаётган нормалар сиёсий партиялар фракцияларининг (депутатлар гуруҳларининг) палата томонидан қабул қилинаётган қарорларга қонун лойиҳасини кўриб чиқишнинг ҳамма босқичларида таъсир кўрсатиш имкониятларини оширишга, ўз сиёсий партияларининг дастурий ҳужжатларига ва сайловчиларининг манфаатларига асосланиб, қонун лойиҳаси бўйича ўз нуқтаи назарларини ҳар томонлама ишлаб чиқиш ва ҳимоя қилишга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Шундан кейин парламент юқори палатасининг аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво, Жиноят, Меҳнат, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Божхона, Оила кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Табиий монополиялар тўғрисида”ги, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Муҳокама вақтида сенаторлар таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишни кучайтиришга, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлашга ёрдам беришини таъкидладилар.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Сеул, 2012 йил сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ҳам муҳокама қилиб, маъқулладилар.

Сенат аъзолари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисида”ги масалани кўриб чиққач, конституциявий ваколатларига мувофиқ бир қатор муассасалар, вазирликлар ва идораларнинг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ва ҳисоботини тингладилар.

Чунончи, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, тасдиқладилар. Қайд этилганидек, омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши устидан парламент ва жамоат назоратини кучайтириш чораларини амалга оширишга, қонун ҳужжатларини, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва тиклаш механизмларини такомиллаштиришга ёрдам беришга қаратилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ва ҳуқуқий онгини ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тузилмалари, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Ҳисобот йилида омбудсман томонидан 20 дан ортиқ қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчиликка, халқаро стандартларга мослиги жиҳатидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Мамлакат минтақаларида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий кафолатларини ҳамда шарт-шароитларини таъминлаш устидан мониторинг амалга оширилди.

Фуқароларнинг мурожаатларини электрон почта орқали қабул қилиш амалиёти кенгайиб бормоқда. Омбудсман ва унинг ходимларининг шахсий қабулида фуқароларнинг 1391 та мурожаати кўриб чиқилган.

Муҳокамада сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсияларни баён этдилар.22.jpg

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, муҳокама қилдилар. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолияти Давлат раҳбари томонидан 2012 йил 19 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2012 йилнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган вазифалар асосида амалга оширилганлиги кўрсатиб ўтилди.

"Бюджет тизими тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ Ҳисоб палатаси томонидан ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилиб, баҳоланди, 2013 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси экспертиза қилинди. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилишини ва ижро этилишини назорат қилиш, бюджет маблағларидан қонуний ва мақсадли фойдаланилишини текшириш асносида вазирликлар ва идоралар фаолиятида аниқланган камчиликлар ҳамда йўл қўйилган қоидабузарликлар бартараф этилди.

Олий Мажлис Сенатининг тавсияларига мувофиқ ҳисобот даври мобайнида Ҳисоб палатаси томонидан Бухоро ва Хоразм вилоятларида инфратузилмани, транспорт ва коммуникацияларни ривожлантиришга, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилишига, шунингдек, қўшимча иш жойлари ташкил этишга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш бўйича иш олиб борилди.

Сенаторлар Ҳисоб палатасининг назорат тадбирларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга, молиявий ҳуқуқбузарликларни қисқартириш ҳамда келгусида уларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўришга қаратилган ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисининг биринчи куни ўз ишини тамомлади.

2013 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунини Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган амалдаги қонунчиликка риоя қилинишининг аҳволи ва бу борадаги прокурор назоратини янада кучайтириш чоралари тўғрисидаги ҳисоботини тинглашдан бошладилар. Қайд этилганидек, мустақиллик қўлга киритилган дастлабки кунларданоқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш жамият ва давлат қурилишининг энг муҳим устувор йўналиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг, қонун ижодкорлиги фаолиятининг мақсади ва мазмунидир.

Инсон манфаатлари устуворлигини, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги масъулиятини мустаҳкамлаб қўядиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидаларига мувофиқ, Ўзбекистонда фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича катта ҳуқуқий база яратилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг яхлит ташкилий-ҳуқуқий механизмлари тизими шакллантирилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар – Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, “Ижтимоий фикр” маркази ҳамда бошқалар ташкил этилди ва самарали фаолият кўрсатмоқда.

Суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоячиси бўлиб хизмат қиладиган мустақил давлат институтига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш бўйича комплекс чоралар кўрилган. ННТ, бошқа фуқаролик жамияти институтлари демократик қадриятларни, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланиб бормоқда.

Ҳисоботда кўрсатиб ўтилганидек, суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни либераллаштириш прокуратура органлари фаолиятининг мазмуни ва шаклларини жиддий ўзгартирди, унинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш вазифаларини кучайтирди. 2001 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижросини назорат қилишни прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 11 мартдаги Фармонига мувофиқ прокуратура органлари таркибида Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тузилди.

“Хабеас-корпус” институтининг жорий этилганлиги, қуйи прокурорларнинг дастлабки тергов босқичидаги бир қатор назорат ваколатлари чиқариб ташланганлиги, Жиноят кодекси бир қатор моддаларининг терговга тааллуқлиги ўзгартирилганлиги ва бошқа чоралар прокуратура органларига эътиборни ўзларининг энг муҳим вазифаларини амалга ошириш – инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги қонунлар ижросини назорат қилишга жамлашига имкон берди.

Айни вақтда, маърузада кўрсатиб ўтилганидек, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида яратилган норматив-ҳуқуқий базани, ташкилий-ҳуқуқий механизмларни рўёбга чиқариш борасидаги иш шу куннинг талабларига ҳали тўлиқ жавоб бермайди. Жойларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун талабларини мансабдор шахслар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан инкор этиш, фуқароларнинг мурожаатлари, шикоятлари юзасидан чоралар кўрмаслик, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий, меҳнат ва бошқа манфаатларига дахлдор масалаларни ҳал қилишда суиистеъмолларга йўл қўйиш ҳолатлари мавжуд. Бундай камчиликлар Давархитектқурилиш, Давгеодезеркадастр, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқаларнинг фаолиятида аниқланган.

Прокуратура органлари ўзларининг ҳуқуқни ҳимоя қилиш вазифаларини амалга ошира бориб, қонунлар, шу жумладан, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатлари аниқ ва бир хилда ижро этилишини назорат қилиш якунлари бўйича 2012 йилда давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонунчилик талабларига мос бўлмаган ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлган 1350 та ҳужжатига протест келтирган. Инсон ҳуқуқлари бўйича қонун ҳужжатларининг талабларини инкор этиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўрмасдан қолдириш, улар кўтараётган муаммолар бўйича чоралар кўрмаслик ҳолатлари юзасидан прокурорларнинг қарорлари ва тақдимномалари асосида тегишли мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, жиноят ишлари қўзғатилган ҳолатлар мавжуд. Инсон ҳуқуқларига доир қонунларнинг моҳиятини аҳолига тушунтириш мақсадида 2012 йилда прокуратура органлари томонидан 125 мингдан ортиқ тадбир ўтказилган, оммавий ахборот воситаларида 23 мингдан ортиқ чиқиш амалга оширилган.

Маърузада кўрсатиб ўтилганидек, Бош прокурор томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлисга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун талабларини бузганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларини жавобгарлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини киритиш мўлжалланмоқда.

Муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар давлат тузилмаларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш соҳасидаги ишини тубдан яхшилаш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар. Бу соҳадаги қонунларни сўзсиз ижро этиш демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ғоят муҳим шартидир.

Сенаторлар томонидан прокуратура органларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар баён этилди.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳисоботини муҳокама қилиш вақтида қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2012 йилдаги фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлашга қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 24 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2011 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида”ги қарорини рўёбга чиқариш мақсадида қабул қилинган тадбирлар дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан 12 та асосий йўналиш бўйича 48 та тадбирнинг бажарилиши таъминланган. 2008–2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурини бажаришга алоҳида эътибор берилган.

Ҳисоботни муҳокама қилиш асносида сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолиятини янада такомиллаштириш, атроф- муҳит ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш устидан назоратни кучайтириш юзасидан қўшимча чоралар кўриш, шунингдек, экологик тоза ва ресурсларни тежайдиган технологияларни амалиётга киритиш бўйича аниқ таклифлар ва тавсияларни билдирдилар.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати ҳақидаги ахборотини ҳам тингладилар. Қайд этилганидек, ўтган даврда Адлия вазирлиги томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида муайян ишлар қилинган.

Чунончи, 2012 йилда вазирлик томонидан 20 дан ортиқ давлат органи фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ўрганилган. Назорат тадбирларини амалга ошириш натижалари бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан умуммажбурий хусусиятдаги ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказмасдан қабул қилиш, қонун ҳужжатлари билан ўзларига берилган ваколатларни тегишлича бажармаслик “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун талабларини тегишли тарзда ижро этмаслик ҳолатлари аниқланган.

Аниқланган камчиликлар бўйича адлия органлари томонидан тартиббузарликларни, шунингдек, уларни содир этишга имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган 616 та муносабат чораси қўлланилган. Манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларига идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқланган камчиликларни тўлдириш ва зиддиятларни бартараф этиш бўйича 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинган, давлат органлари юридик хизматларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилган.

Муҳокама давомида сенаторлар давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятида қонунийликка риоя этилиши устидан тизимли назоратни кучайтириш, шунингдек, уларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги фаолиятини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибларига ўзгартишлар киритиш масалаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқдилар.

Кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сенатнинг икки кунлик мажлиси давомида 17 та масала, шу жумладан, демократик ислоҳотларни босқичма-босқич ҳамда изчил чуқурлаштиришга ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга йўналтирилган 7 та қонун кўриб чиқилди. Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг рўёбга чиқарилиши аҳоли турмуш даражасини, мамлакатда барқарорлик ва ободликни янада оширишнинг қудратли омили бўлади.

Шу билан Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.