Bog'lanish

Telefon
(+998 70) 201-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Нотариус қабулида бўлмоқчимисиз?


Тадбиркорлик фаолия­ти эркинлигини таъминлаш ва ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, хусусий мулк ва мулкдор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар, ўз навбатида, мулкдорлар синфининг кенгайишига, фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Табиийки, мазкур жараён нотариал ҳаракатлар ҳажми ошишини юзага чиқармоқда.

Шундан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги томонидан давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аҳолига янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Адлия вазирининг 2014 йил 30 декабрдаги 311-мҳ-сон буйруғи билан Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди.

Ушбу низомга асосан, жисмоний ва юридик шахслар бевосита келиб ёки телефон орқали, ёзма ёхуд электрон шакл­да, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўзлари учун қулай ва аниқ вақтда нотариус томонидан қабул қилинишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли. Мазкур мурожаатлар Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги мурожаатларни навбатма-навбат қайд этиш дафтарига қайд қилинади. Ушбу дафтар нотариус ёрдамчиси томонидан нотариал идорада икки ёки ундан ортиқ нотариус ишлаётган бўлса, катта нотариуснинг ёрдамчиси томонидан юритилади.

Нотариус ёрдамчиси нотариуснинг иш куни ва вақтини ҳамда мурожаат қилувчи учун қулай вақтни инобатга олган ҳолда нотариуснинг қабул куни ва соатини белгилайди ҳамда бу ҳақда мурожаат қилувчини хабардор қилади. Бунда мурожаат қилувчи мурожаат келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан нотариус томонидан қабул қилиниши лозим.

Ҳар бир мурожаат ушбу йилда юритиладиган дафтар бўйича такрорланмайдиган тартиб рақамига эга бўлади. Мурожаат қилувчи белгиланган вақтда нотариус ҳузурига келиб, ўз тартиб рақамини маълум қилади ва нотариус томонидан қабул қилинади.

Агар мурожаат қилувчи унинг мурожаати дафтарга қайд этилганлигини тасдиқлашни сўраса, унга бу ҳақда хабарнома тақдим этилади.

Ҳужжатда нотариус мурожаат қилувчини белгиланган вақтда қабул қилиши шарт эканлиги кўрсатилган ҳолда мурожаат қилувчи ҳам белгиланган вақтда нотариус қабулида ҳозир бўлиши шартлиги белгиланди. Мазкур талаб бажарилмаганда мурожаат қилувчини қабул қилиш умумий асосларда ёки қабул вақтини қайтадан белгилаш орқали амалга оширилади. Айни вақтда турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида мурожаат қилувчи белгиланган вақтдан бошқа шахс фойдасига воз кечишига йўл қўйилмаслиги кўрсатилди.

Мурожаат қилувчи нотариус томонидан белгиланган вақтда қабул қилинса-да, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этиши лозим бўлган барча шахсларнинг ҳозир бўлмаганлиги каби ҳолатлар аниқланиши мумкин. Шу сабабли қабул қилинган Низомда мурожаат қилувчи нотариус томонидан қабул қилинганда, муайян камчиликлар сабабли тегишли нотариал ҳаракатларни амалга ошириш имкони йўқлиги аниқланган тақдирда, мазкур камчиликларни дарҳол бартараф этиш чоралари кўрилиши зарурлиги белгиланди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш имкони бўлмаган тақдирда, мурожаат қилувчига кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун етарли муддат берилади. Бунда мурожаат қилувчи берилган муддатдан ке­йин навбатдан ташқари қабул қилинади ва бу ҳақда дафтарга тегишли изоҳ киритилади.