Янгиликлар
Янги “БАХТ УЙИ” фойдаланишга топширилди
Сўнгги йилларда адлия органлари тизимидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ва давлат нотариал идоралари моддий техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина ўтган 2014 йилда улар учун 22 та замонавий бинолар қурилди. Бу йўналишдаги бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида қурилиб, фойдаланишга топширилган “Бахт уйи” фикримизни тасдиқлайди. Замонавий ва миллий архитектура ечимлари уйғунлигида қад ростлаган кўркам бинога давлат бюджети ҳисобидан қарийб 500 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу масканда янги оилаларнинг никоҳини қайд этиш учун тантаналар зали, келин-куёвлар ва фуқаролар учун алоҳида кутиш хоналари, архив ҳамда давлат нотариал идораси жой олган.
Бино замонавий жиҳозлар, алоқа ва коммуникация воситалари билан таъминланган. Унда йигит-қизларни ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш сабоқлари, рўзғор сирларидан хабардор этувчи ”Оила дорилфунуни”, “Ёш оила қурувчилар мактаби” машғулотларини ўтказиш учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, ҳаммаси фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат килади.
Адлия вазирлигидан олинган маълумотга кўра ўтган йили мазкур вилоятда ФҲДЁ органлари томонидан 58 мингдан ортиқ туғилиш, қарийб 24 мингта никоҳ қайд этилган. Улар бўйича салкам бир ярим миллиард сўм давлат божи ундирилган. Нотариуслар томонидан 558 мингдан ортиқ нотариал ҳаракат амалга оширилиб, давлат хазинасига қарийб 32 миллиард сўм бож тўловлари туширилган.
“Бахт уйи”нинг очилиш маросимида иштирок этганлар жамият тараққиётида оила институтининг ўрни ва аҳамияти, уни янада мустаҳкамлаш, жисмонан бақувват, маънавий етук авлодни тарбиялаш, шунингдек ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида сўз юритдилар. Бугун бахт қўрғонининг беназир нуфузи, унинг аҳил-тотувлиги ва фаровонлиги жамият барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётгани, қолаверса бу каби муҳташам бинолар юртимизнинг кўркига янада файз бағишлаши, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириши қайд этилди.
Ушбу тадбир мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида қатнашчиларда чексиз шукроналик ва миннатдорлик ҳисларини уйғотди.
Шу куни янги “Бахт уйи”да ёшларнинг никоҳлари тантанали қайд этилиб, уларга “Никоҳ гувоҳнома”лари топширилди.
Келгусида бу даргоҳда минглаб йигит-қизлар “Оила” деб аталмиш муқаддас хилқат остонасига қадам қўядилар. Улар барпо этадиган бахт қўрғонларининг пойдевори мустаҳкам бўлсин.