Янгиликлар
ЮРИДИК ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИНИНГ ТАКОМИЛЛАШУВИ
Тошкент вилоят адлия бошқармасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июнда қабул қилинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматлари фаолиятининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифаларига бағишланди.
Таъкидлаш лозимки, ташкилотда юридик хизмат, биринчи навбатда, бошқарув фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш вазифасини таъминласа, иккинчидан, ташкилот ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишда фаол иштирок этади.
Сўнгги йилларда, давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, шу жумладан ҳуқуқий ишларнинг асосий ташкилотчиси ҳисобланган юридик хизматни бошқарув фаолиятидаги ролини ошириш ва уни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Семинарда таъкидланганидек, бугунги кунда юридик хизмат фаолиятини бошқариш Вазирлар Маҳкамасининг бу соҳага оид тегишли қарорлари билан ҳуқуқий тартибга солиб келинмоқда. Мазкур ҳужжатларда юридик хизмат ходимларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни аттестациядан ўтказиш, малакасини ошириш тартиби белгилаб берилган. Шунингдек ушбу хизмат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилишига масъул бўлган мансабдор шахсларнинг шахсан жавобгар эканлиги ҳам мустаҳкамланган. Ўз навбатида Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларига ушбу хизмат ходимларини тегишли тартибда аттестациядан ўтказиш, малакасини ошириш вазифаси юклатилган.
Эндиликда, юридик хизматлар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан амалдаги тартиб-таомилларга бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги юристларнинг штат бирликларини қисқартириш ёхуд бошқа таркибий бўлинмаларга қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди. Ушбу хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар белгиланган тартибда Адлия органларида стажировкадан ўтадилар. Шунингдек ҳукумат қарорида Адлия органларининг корхоналарда ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштириш, уларни яхшилашга доир методик тавсиялар ишлаб чиқиш, ҳар чоракда корхона ва ташкилотлардан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган норматив ҳужжатлар лойиҳаларини таҳлил қилиш, умумлаштириш ҳамда бу йўналишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан услубий ёрдам кўрсатиш йўналишидаги фаолиятини янада кучайтириш, сифатини ошириш масалалари ўз аксини топган.
Тошкент вилоятида қарийб 58 нафар юристларнинг малакаси оширилди, салкам 70 нафарининг эса аттестациядан ўтказилиши таъминланди.
Тадбир иштирокчилари юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш, тизимни малакали кадрлар билан таъминлаш, ходимлар малакасини тизимли ошириш бўйича қарорда белгиланган қоидалар билан яқиндан танишдилар. Ўзаро мулоқотда ўртага ташланган саволларга мутахассислар ёрдамида ойдинлик киритилди.