Янгиликлар
Аҳоли саломатлигини муҳофазалаш
Оққўрғон тумани ҳокимлигида “Аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирларнинг саломатлигини сақлаш бўйича 2014-2018 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ўқув-семинар ўтказилди.
Семинарда Тошкент вилояти Хотин-қизлар қўмитаси, Давлат солиқ бошқармаси, Ўрта махсус ва касб ҳунар таълими, Халқ таълими бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда Маънавият тарғибот марказининг вилоят бўлими ходимлари иштирок этди.
Ўтказилган семинарда таъкидланганидек, Тошкент вилоятида аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтиришга, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш ва даволашга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти.
Шу билан бирга, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ва даволаш-диагностика комплекс чора-тадбирларини янада кучайтириш, айниқса, қишлоқ жойларда оналар ва болалар саломатлиги патронаж тизимини такомиллаштириш, педиатрия ва туғруққа тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш талаб этилади.
Тадбирда оналар, болалар ва ўсмирларга малакали, махсус ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш борасида замонавий инфратузилмани янада ривожлантириш, аҳолини оналар, чақалоқлар, болалар ва ўсмирларни парваришлаш бўйича ўтказилаётган тадбирлар ва дастурларда иштирок этишга фаол жалб этиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, соғлом ва аҳил оила қуриш афзалликларини тарғиб қилиш, соғлиқни сақлашнинг ахборот тизимини такомиллаштириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишда идоралараро ҳамкорлик ва фаолиятни мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва баҳолаш ҳақида гапириб ўтилди.
Эркин суҳбат асносида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича керакли маълумот олдилар.