Янгиликлар
Маҳалла фаоллари ўқуви
Тошкент вилоятида туман ва шаҳар фуқаролар йиғинлари ҳодимларини малакасини ошириш мақсадида ўқув семинарлари бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирларда адлия бошқармаси ва ФҲДЁ органлари ходимлари ҳамда давлат нотариал идоралари нотариуслари ўқув-семинарга жалб қилиниб, янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг мазмун моҳияти юзасидан иштирокчиларга тушунтириш бердилар.
Жумладан, ушбу қонунда белгиланган ваколатларни амалга ошириш механизмлари, қонун ижросини таъминлашда фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг масъулияти ва жавобгарлиги хусусида ҳам сўз юритилди .
Шунингдек,“Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолиятининг асосий мақсади мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларда огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасидаги ҳамкорликдаги ишларни тизимли ташкил этишга кўмаклашишдан иборатлиги таъкидланди.
Бугунги кунда, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга йўналтирилган қарорлар қабул қилиш ва улар ижросини назорат қилиш, улар фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборотлари эшитилди.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги “Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр юритилди.
Жумладан, мазкур қонун фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини маҳалла оқсоқолларига қўйилаётган янгича талаблардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиб ишланганлиги таъкидланди.
Ушбу қонуннинг янгича мазмун-моҳияти айнан фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини янада оширишда ифодаланади.
Шунингдек, маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлаш марказига айлантиришнинг аҳамияти ва моҳияти, бу борада янги таҳрирдаги қонунда белгиланган ваколатлар мазмуни ҳақида ҳамда фуқаролар йиғинлари томонидан нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги масалаларни амалга ошириш тартиб-тамойиллари, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун моҳияти ҳамда миссионерликка қарши курашда фуқаролар йиғинлари олдида турган долзарб масалалар ҳақида ҳам гапириб ўтилди.
Тадбир иштирокчиларига қабул қилинган қонунларда кўзда тутилган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, маҳаллаларнинг фаоллигини кучайтириш, аҳолининг маҳалла органларига нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириш ва ишонч билдирилиши қайд этилди.
Ўзаро жонли мулоқотда фуқаролар йиғинлари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.