Янгиликлар
“Ягона дарча” – тадбиркорлар хизматида
Республика Адлия вазирлигида “Ягона дарча” – тадбиркорлар хизматида” мавзусидаги туркум амалий семинарларнинг навбатдагиси ўтказилди.
Анжуман вазирлик томонидан ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказлар фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали давлат хизматлари кўрсатишга оид”номли Қўлланманинг тақдимоти ҳамда Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUZ” билан ишлаш амалиётини “Ягона дарча” марказлари ходимларига тушунтириш мақсадида ташкил этилди.
Амалий семинарда Тошкент шахар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари, адлия, солиқ, божхона, статистика, молия бошқармалари масъул ходимлари, “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатувчи ва бу жараёнда иштирок этувчи бошқа ташкилотларнинг мутахассислари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ОАВ дан вакиллар иштирок этди.
Тадбир аввалида қайд этилганидек ҳозирда мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос барпо этилди. Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қолишнинг самарали механизми яратилди,. Унга молиявий кўмак кўрсатилди, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мана шу йўлдаги яна бир хайрли одим бўлди.
Сир эмас, муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга бел боғлаган кишилар бир қатор бюрократик тўсиқларни ошиб ўтишига тўғри келарди: иш бошлаш арафасида бир неча идораларга учрашиб, бир талай ҳужжатларни тўлдириши – имзо тўплаши шарт эди. Ҳали у-ҳали бу дарчага бош суқиб, куч-қувватини ва қимматли вақтини мана шу каби ортиқча юмушларга сарф қилиб қўярди.
Юқоридаги Фармонда давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларнинг хизмат кўрсатувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилиши белгиланган бўлиб, ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрда қабул қилган Қарори дастур ижросининг амалиётга муваффақиятли тадбиқ этилишига кенг имконият яратди.
Амалий-семинарда Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUZ”дан фойдаланиш тартиби ҳамда “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказлар фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали давлат хизматлари кўрсатишга оид Қўлланма”нинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.Марказлар фаолиятида учраётган айрим масалаларга ойдинлик киритилди,услубий кўмак кўрсатилди.
Маърузачилар қайд этганларидек, бугунги кунда “Ягона дарча” марказлари тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар мурожаат этишлари учун қулай бўлган туман ва шаҳар марказларига жойлаштирилди;
Уларнинг моддий техник базаси мустаҳкамланди. Жумладан, Республикадаги 194 та “Ягона дарча” марказларига қўшимча равишда 3.028 та замонавий ташкилий техника ва компьютер ускунаси етказиб берилди.
Марказларнинг кадрлар заҳираси шакллантирилиб, улар малакали мутахассислар билан тўлдирилди ҳамда ишга қабул қилиш ва лавозимидан озод этиш адлия органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши тартиби жорий этилди;
Аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маслаҳатлар бериш лозимлиги белгиланди;
“Ягона дарча” марказлари билан давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали амалга оширилиши таъминланди;
- қабул қилинган қонун ҳужжатларини “Ягона дарча” марказлари ходимлари ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида республикамизнинг барча худудларида тегишли манфаатдор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари томонидан 16 та давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг мутахассислари иштирокида ўқув семинарлари ўтказилди.
Шу билан бирга ҳар ойда ҳудудий адлия органларининг масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларини давлат рўхатидан ўтказиш ва “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини мазмун-моҳияти бўйича жойларда тадбиркорлик субъектлари учун “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтмоқда.
Маъруза, амалий машғулот ва жонли мулоқот тарзида ўтган тадбирда унинг иштирокчилари ушбу семинарнинг ниҳоятда самарали бўлганлигини қайд этган ҳолда бу каби тадбирларни келажакда ҳам тез-тез ўтказиб туриш ҳақида келишиб олдилар.