Янгиликлар
Мурожаатлар эътиборсиз қолмайди
Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари” тўғрисидаги қонуннинг 8-моддаси 10 хатбошисида давлат органларининг раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкинлиги белгиланган.
Қонун ижросини таъминлаш юзасидан Адлия вазирлиги раҳбарияти томонидан 2016 йилнинг 1 ярим йиллигида ҳудудий адлия органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини сайёр қабул қилиш жадвали тасдиқланган. Тасдиқланган жадвалга асосан Тошкент вилоятда жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини сайёр қабул қилиш май ойида белгиланган.
Адлия вазирлиги раҳбарияти қабулига жами 11 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари ёзилди.
2016 йил 27 май куни Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳамда ҳудудда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари А.Усманов томонидан қабул қилинди.
Жумладан, вазир ўринбосари қабулида Тошкент вилояти, Охангарон туманидаги “Абдусамат барака файз” ФХ раҳбари А.Хайдаров бўлиб, у ўз мурожаатида 2014-2015 йилларда етиштирган махсулотига “Оҳангарондон” АЖ томонидан пул маблағларини тўлаб берилмаётганлиги сабабли мавжуд қарздорликни ундириш юзасидан амалий ёрдам беришни сўради.
Шунингдек, Зангиота тумани, Бўзсув ҚФЙда яшовчи фуқаро Сойипов Қудратилло вазир ўринбосари қабулида бўлиб, Зангиота туман “Ягона дарча” марказига мурожаат қилганлиги, у ерда “Зангиотатумангаз” филиали томонидан техник шарт беришда муаммоларга дуч келаётганлиги сабабли амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.
Тошкент вилояти, Оққўрғон туманидаги “Бинокор Тошкент қурувчи” МЧЖ ҚК раҳбари С.Абдураимов корхона устав фондини камайтиришда амалий ёрдам беришни ва қайта рўйхатдан ўтказишни сўради.
Зангиота тумани, Шамсобод МФЙ, Ғалаба кўчаси 8 ва 10 уйда яшовчи фуқаролар А.Артикова ҳамда А.Муминовалар хонадонига ўрнатилган газ ҳисоблагичи бўлсада, Зангиота туман газ корхонаси томонидан ортиқча тўлов хисобланганидан норози бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан мавжуд қарздорлигига аниқлик киритиш юзасидан амалий ёрдам сўради.
Вазир ўринбосари мурожаатлар юзасидан барча тегишли ҳужжатларини вилоят адлия бошқармасига тақдим этишлари зарурлигини, мурожаатлар тегишли тартибда кўриб чиқилиб, амалий ёрдам берилиши ҳақида тушунтирди.
Бундан ташқари, Паркент туманида яшовчи фуқаро С.Толипова жавобгар Б.Толиповдан фарзандининг таъминоти учун алимент пули ва моддий ёрдам ундирилишига амалий ёрдам сўради.
Зангиота туманда яшовчи фуқаро Г.Мансурова жавобгари А.Мансуровдан фарзандининг таъминоти учун алимент пули ва моддий ёрдам ундирилишига амалий ёрдам сўради.
Шунингдек, Бўстонлиқ туман, Паргос қишлоғи, Боймурадова кўчаси 4 уйда яшовчи фуқаро Д.Исматова жавобгари Д.Мирзатаевдан фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пули ундирилишига амалий ёрдам беришликни сўради.
Мазкур ҳолатлар юзасидан вазир ўринбосари А.Усманов фуқароларга Суд қарорларини ижро этиш департаментининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармасига тегишли топшириқ бериб, фуқароларга алимент ундириш масаласида ҳужжатларини аризасига илова қилиб тақдим этиши лозимлигини тушунтирди ва мурожаати қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.