Bog'lanish

Telefon
(+998 70) 201-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатувчи “Ягона дарча” марказлари фаолиятини ташкил этиш, бу борада юзага келаётган айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари


1.jpg

Республика Адлия вазирлиги томонидан Тошкент вилоят адлия бошқармасида “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатувчи “Ягона дарча” марказлари фаолиятини ташкил этиш, бу борада юзага келаётган айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзуида семинар ташкил этилди.

Анжуманда фаолияти “бир дарча” марказлари билан бевосита боғлик 20 га яқин манфаатдор ташкилотлардан масъул ходимлар,мутахассислар ва пойтахт вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан вакиллар иштирок этдилар.

Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналиши бўйича амалга ошириладиган ўттиз учта чора-тадбирларни кўзда тутувчи комплекс Дастур тасдиқланди.

1.jpg

Хусусан, унда барча турдаги рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли давлат хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Учрашувда қайд этилганидек Фармоннинг аҳамиятли томони шундаки, унда бир томондан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасига ошириш кўзда тутилган бўлса, иккинчи томондан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.

1.jpg

Жумладан, давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “бир дарча” хизматларининг фаолияти тугатилди. Эндиликда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича “Ягона дарча” марказлари ташкил этилди ва уларнинг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб йўлга қўйилди.

Эндиликда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими орқали 24 соат узлуксиз амалга оширилмоқда.

Семинарда таъкидланганидек, жорий йилнинг 1 июнь холатига тадбиркорлик субъектларига давлат хизматини кўрсатувчи идоралар томонидан 40 мингдан ортиқ хизматлар айнан “ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилди.

1.jpg

Адлия вазирлиги томонидан ушбу жараёнлар компьютер тизими орқали доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Анжуманда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш буйича ташкил этилган марказларнинг фаолият мезонлари, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг тартиб-таомиллари, хизматлар кўрсатишни янада такомиллаштириш масалалари яна бир бор тушунтирилди. Шунингдек мавжуд 16 та давлат хизматига қўшимча хизмат турларини киритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот берилди. Фаолияти “Ягона дарча”марказлари билан боғлиқ ташкилотларнинг вакиллари муҳокама этилаётган масалалар, шунингдек учраётган айрим муаммоларнинг ечими юзасидан ўз фикр –мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар.

Учрашув қатнашчиларининг якдил фикрига кўра ушбу фармон ижросининг таъминланиши келгусида мамлакатимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан юксалтиради. Тадбиркорлик субъектларининг сони ортиши, янги иш ўринлари яратилиши, пировардида эса халқимиз турмушининг янада обод ва фаровон бўлишига хизмат қилади.