Янгиликлар
Давлат ҳокимияти органлари ва қонун ижодкорлиги
Адлия вазирлиги ташаббусига кўра Тошкент вилояти ҳокимиятида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг қонун ижодкорлиги, қабул қилинган қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказиш, шунингдек уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича ишларни ташкиллаштириш юзасидан ўрни ва масъулиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу масалага масъул мансабдор шахслари, Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия бошқармалари ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда давлат бошқаруви ҳудудий органларининг юридик хизмати ходимлари иштирок этдилар.
Мазкур йўналишдаги мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш ва бу йўналишда намунавий тизим ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш хамда унда бир қатор тадбирларни амалга ошириш масаласи бўлиб ўтган семинарнинг асосий мавзуси бўлди.
Бугунги кунда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, қонунларнинг халқчил, хаётий бўлиши уларнинг ижроси таъминланиши кўп жихатдан жойлардаги махаллий давлат ҳокимияти органларининг халқнинг ичига кириб бориши, мавжуд муаммоларни аниқлаши ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга таклифлар тайёрлаши ва киритишига боғлиқ.
Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳам норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳисобланади. Бу йўналишда бошқарма томонидан тизимли равишда изчил фаолият олиб борилмоқда.
Семинар иштирокчилари томонидан мавзу доирасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Хусусан, ҳукуматнинг қонун ижодкорлиги дастурига киритиш учун таклифларни шакллантириш, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижросини ташкил этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ижрочиларга етказиш, шунингдек қонунийликни мустаҳкамлашда юридик хизматнинг ролини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Тадбир давомида белгиланган вазифаларни амалга оширишда аҳолининг ва ижрочиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини уларга етказишда маърифий тарғиботнинг таъсирчан усулларидан фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.