Янгиликлар
Сайлов демократия кўзгуси
Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг ҳудудий бўлинмаси ҳамда 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг вакилларини бир даврага жамлаган тадбирда сўнгги йилларда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича вилоят миқёсида округ сайлов комиссияси ва туман, шаҳар сайлов участкалари томонидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилаётган муҳим сиёсий тадбир, яъни 2016 йил 4 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови давлатимизда ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши сайловдаги барча иштирокчиларнинг фаоллиги, сиёсий етуклиги ва пировард натижада сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг таъбири билан айтганда, Президент деганда, аввало, бутун бир мамлакат тақдири учун масъул, шу юртда яшайдиган, ҳаёт кечирадиган миллионлаб одамларнинг дунёқарашини, тафаккурини, халқнинг энг эзгу орзу-умидларини ўзида мужассам этадиган ва шу интилишларни рўёбга чиқаришга қодир бўлган одамни тушунамиз.
Шундай экан бундай ўта масъулиятли лавозим эгасини сайлаш жараёнининг пухта ҳуқуқий тартибга солиниши ҳам муҳим ҳисобланади.
Сайловга оид қонунчилигимизда сайловга энг юксак ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник даражада тайёргарлик кўришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови асосий қонунимиз Конституция, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун мустақилликнинг биринчи йили, яъни 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган бўлиб, у 5 та боб 39 та моддадан иборат. Қонунга ўтган йиллар мобайнида 7 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Семинар иштирокчиларига вилоят округ сайлов комиссияси аъзолари ҳамда бошқа маърузачилар томонидан мазкур ўзгартириш ва кўшимчаларнинг мазмун моҳияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда сайловда халқоро ва хорижий кузатувчилар фаолиятига оид масалаларда батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир якунида маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги чекка жойларда аҳоли ва ёшлар ўртасида сайлов қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш, шунингдек, сайловда фаол қатнашиш юзасидан ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг ўтказилишини янада кучайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.