Янгиликлар
Оҳангорон туманидаги ўтказилган тадбир тафсилотлари
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича Тошкент вилоятида Оҳангорон туманида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича раиси ўринбосари ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг ҳудудий бўлинмаси ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилди.
Маълумки, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада ошириш учун қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Фармон ижроси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишга оид амалдаги маъмурий ва жиноий қонунчиликни янада либераллаштириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини ошириш каби долзарб чора-тадбирлар ўз ифодасини топган ушбу Қонунга биноан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатига дахл қиладиган 40 дан зиёд қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур Фармон “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик"ни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.
Шунингдек, Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови давлатимизда ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши сайловдаги барча иштирокчиларнинг фаоллиги, сиёсий етуклиги ва пировард натижада сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.
Шундай экан бундай ўта масъулиятли лавозим эгасини сайлаш жараёнининг пухта ҳуқуқий тартибга солиниши ҳам муҳим ҳисобланади.
Сайловга оид қонунчилигимизда сайловга энг юксак ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник даражада тайёргарлик кўришни ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови асосий қонунимиз Конституция, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун мустақилликнинг биринчи йили, яъни 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган бўлиб, у 5 та боб 39 та моддадан иборат. Қонунга ўтган йиллар мобайнида 7 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Семинар иштирокчиларига вилоят округ сайлов комиссияси аъзолари ҳамда бошқа маърузачилар томонидан мазкур ўзгартириш ва кўшимчаларнинг мазмун моҳияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда сайловда халқоро ва хорижий кузатувчилар фаолиятига оид масалаларда батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир якунида маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги чекка жойларда аҳоли ва ёшлар ўртасида сайлов қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш, шунингдек, сайловда фаол қатнашиш юзасидан ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг ўтказилишини янада кучайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.