Янгиликлар
Муҳим жараёнга жиддий тайёргарлик
Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси аъзолари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамда ФЖШМҚМИдан жалб этилган эксперт мутахассислар билан ҳамкорликда Юқоричирчиқ ва Паркент туманларидагиучастка сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Учрашувларда Тошкент вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Лазиз Мусашайхов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Екатерина Аблаевалар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига жиддий тайёргарлик кўриш ва ўтказишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган методик тавсиялар талабларига қатъий риоя этиш юзасидан маърузалар қилинди.
Демократик жамиятни шакллантиришнинг талабларидан бири-бу кўппартиявийлик асосида демократик сайловлар ўтказишдир. Барчамизга маълумки,сайловлар жамиятнинг демократик қиёфасини кўрсатиш билан бирга, муайян халқнинг ҳуқуқий онгу-тафаккурини намоён этадиган муҳим сиёсий воқеалиги таъкидланди маърузада. Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Екатерина Аблаева ўз маърузасида, ушбу сиёсий жараёнлар оддий ҳол эмаслиги, бунинг замирида мустақил Ватанимизнинг тақдири, унинг порлоқ келажаги турганлигини ҳис этиш, ҳар биримизнингэртанги кунимизга нечоғлик масъул эканлигимизни, участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга ошириш учун мамлакатимизда етарли ҳуқуқий база яратилганлиги ҳамда мунтазам равишда ушбу масалалар Марказий сайлов комиссияси қарорлари билан тартибга солинганлиги ҳусусида таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов томонидан тақдим этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг янги босқичини белгилаб берди. Шу асосда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов жараёнларини янада либераллаштириш, унинг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин ва мустақил билдириши учун мавжуд механизмларни янада такомиллаштиришда муҳим омил саналади.
Семинарда участка сайлов комиссиялари аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ва тегишли тавсиялар ўрин олган видео-ролик намойиш қилинди.
Шундан сўнг, мутахассислар томонидан участка сайлов комиссиялари аъзоларини қизиқтирган саволларига батафсил маълумотлар берилди. Таъкидлаш жоизки, жойларда манашундай ўқув-семинарларни уюштирилиши,участка сайлов комиссиялари фаолиятининг самарали ташкил қилинишига ҳамда олдимизда турган сайловнинг уюшқоқлик билан ўтказилишига замин яратади.