Янгиликлар
Ёшларни оилага тайёрлаш
Тошкент вилоят адлия бошқармасида “Эрта турмуш қуриш ва қариндошлик никоҳларининг олдини олиш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, барча туман ва шаҳарлардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ҳамда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ва ФҲДЁ идораларининг мудиралари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимизда оила маънавиятини юксалтириш, оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб-асраш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга давлат томонидан ғамхўрлик кўрсатиш, оила аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оила фаровонлигини ошириш учун зарур ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни вужудга келтириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини бошлаш ва мустақил ҳаётга кириб келишида уларга зарур ёрдам кўрсатиш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва Давлат дастурларининг аҳамияти беқиёсдир. Уларда оилани ташкил қилиш асосларидан бошлаб, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, хусусан оилавий ҳаётнинг барча масалаларига аниқ жавоб берилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бизнинг давлатимизда мамлакатимизни ислоҳ этиш ва янгилаш бўйича белгилаб олган юксак мақсадларимизга эришиш йўлида том маънода ҳал қилувчи куч, узвий бўғин бўлган оиланинг манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу соҳада етарлича қонунчилик асослари яратилди.
Сўзга чиққанлар оилада тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялашнинг устувор йўналишларини амалга ошириш, шунингдек оналар ва болалар соғлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашни таъминлаш, соғлом авлод туғилиши ва тарбияланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар патологиясини барвақт аниқлаш давлат тизимини янада ривожлантириш, болалар ногиронлигини қисқартириш, туғма ва ирсий касалликлар профилактикаси тўғрисида ёшларнинг билимини ошириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатларини тушунтириш билан никоҳга кираётган шахсларнинг тиббий маданиятини ошириш мақсадида оила қуриш бўсағасида турган ёшлар учун "Ёш оила қурувчилар мактаби" ташкил этилгани бу соҳада муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидладилар.
Тадбирда оила қуриш масаласи ҳар бир инсон ҳаётида улкан ҳодиса эканлиги, бу масала шахсий, хусусий доирадан чиқиб, ижтимоий аҳамият касб этишини оила қуриш остонасида турган ёшларга етказиш, вояга етаётган болалар, авваламбор қизларимиз онгида оналик масъулияти, ўғилларимизда эса ота бўлиш масъулиятини шакллантиришда Оила тўғрисидаги қонунчилигимизда белгилаб берилган чора-тадбирлар, дастурлар муҳим аҳамият касб этиб, ўзининг самарасини бераётганлигини қайд этдилар.