Янгиликлар
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолатлари
Тошкент вилояти адлия бошқармаси мажлислар залида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси азъолари биргаликда мутасадди бошқарма ва идоралар, соҳа ходимлари ва кенг жамоатчилик иштирокида “Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолатлари” мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятига ва унинг ижросига қаратилган масалаларнинг муҳокамасига бағишланди.
Семинарда Қонунчилик палатаси депутатлари билан биргаликда, Тошкент вилояти адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси масъул ходимлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг юрисконсультлари, Адвокатлар палатаси, амалиётда ҳуқуқни қўлловчи бошқа соҳалар, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижора ташкилотлар вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этдилар.Тадбир иштирокчилари томонидан мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб, бошқа соҳалар қаторида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганлиги, бу эса жамиятда суд ҳокимиятининг обрўси ошиб боришига ҳамда қонунийликни таъминлаш борасида унинг роли янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда кириш сўзи билан нутқ сўзлаган вилоят Адлия бошқармасининг бошлиғи Л.Мусашайхов мазкур Фармон билан суд-ҳуқуқ соҳаси тубдан ислоҳ қилиниши билан бир қаторда, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам янада такомиллаштирилишини таъкидлаб ўтди.
Фармонга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди.
Шунингдек, тадбирда Қўмита аъзоси Ў.Холов ўз чиқишида Фармон билан фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатини 3 йилдан 1 йилга қисқартириш, вилоят миқёсидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институтини тугатиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатларини бекор килиш назарда тутилган бўлиб, қонунчиликда бундай тартиб белгиланиши суд қарорларининг барқарорлигини ва ишларнинг тез муддатларда ва якуний ечимини топишга хизмат қилиши билан биргаликда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар апелляция ва кассация инстанцияларининг фаолиятини янада яхшиланишига, ушбу инстанция судларининг ишларни қонуний, адолатли ва асосли ҳал қилиш борасидаги масъулиятларини янада оширилишига хизмат қилишини таъкидлади.
Шу билан бирга, тадбир давомида қилган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи А.Ёриев аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш масалаларида маъруза қилди.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда вилоят ҳўжалик судларининг қарорларини ўзлари томонидан қайта кўриш ваколатини чеклаш мақсадида ушбу судлар тизимида минтақавий апелляция судлари ташкил этилиши суд қарорларининг қонунийлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имкониятининг кенгайтирилаётгани, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилаётгани, суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтининг бекор қилинаётганлиги инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтирилишига асос бўлади.
Фармонда кадрларни танлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга, шу жумладан кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам қайд этилган.
Тадбирда иштирок этган депутатлар, юқори малакали соҳа мутахассислари, экспертлар ва кенг жамоатчилик вакилларининг мавзу юзасидан билдирган таклифлари ва мулоҳазалари тингланди ва Фармоннинг ижросини ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.