Янгиликлар
Қонунчиликдаги янгиликлар
Тошкент вилояти адлия бошқармасида вилоят адлия бошқармаси, прокуратура ва ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда барча давлат бошқаруви органлари, маҳалий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг иштирокида “Норматив-ҳуқуқий хужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Ушбу тарғибот тадбирини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад 2016 йил 23 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборатдир.
Маълумки, юқоридаги Қонун билан 21 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шундан 6 та кодекслар ва 15 та қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторига Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Оила, Солиқ кодексларини, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунларни киритиш мумкин.
Юқоридаги ўзгартиш ва қўшимчаларга қисқача тўхталиб ўтадиган бўлсак, хусусан, бундан бўён шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганлик, пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият юритганлик ҳамда ўта муҳим ва тоифаланган объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.
Шу билан бирга, Оила кодексида чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаётган болани Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олишга оид муҳим қоида белгиланди.
Шу каби киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг туб мазмун моҳиятини жойларда тушунтириш бўйича Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги томонидан махсус тарғибот режаси ҳам тасдиқланди.
Шу билан бирга, амалдаги кодекслар ва қонунларга меҳнат, мулкий муносабатларни тартибга солувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Семинар тадбирида туман ва шаҳар ҳокимликлари, адлия, прокуратура, ички ишлар, органларининг масъул ходимлари иштирок этишиб, соҳанинг мутахассислари томонидан маърузалар қилинди.
Тадбирда иштирокчилар юқоридаги Қонун билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг амалиётга татбиқ этилишига оид долзарб масалаларни ҳам кенг муҳокама этдилар.