Янгиликлар
ИСТИҚЛОЛНИ УЛУҒЛАШ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида Мустақиллик байрамини барча шаҳар, туман ва қишлоқларда уюшқоқлик билан, кўтаринки руҳда ўтказишга қаратилган, “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш вазифаси белгиланган.
Адлия вазирлиги томонидан вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Тошкент вилоят Пискент туманида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мустақилликнинг 22 йиллик байрамига бағишлаб маданий маърифий, ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди.
Мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳбарлигида мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва эркинлаштириш баробарида суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар – фақат бир мақсадга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият даражасида ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбирда истиқлол йилларида бой тарихимиз, бебаҳо меросимиз, кўҳна урф-одат ва анъаналаримизнинг қайта тиклангани, истиқлол даври Ватанимиз учун чинакам маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлганини ифода этиши қайд этилди. Юртимизда мустақил давлат барпо этиш, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаёт даражасига эришиш, Ўзбекистонимизни дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кўтаришдек улуғ мақсадларни ўз олдимизга қўйиб, бу марралар нақадар буюк ва масъулиятли эканини ўзимизга чуқур тасаввур қилган ҳолда, ана шундай юксак уфқлар сари дадил бориш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Сўзга чиққан таниқли ҳуқуқшунослар, адиблар, меҳнат фахрийлари, турли касб эгалари дунё илму фани ютуқларини пухта ўзлаштириб, замон билан ҳамоҳанг бўлиб яшашга, манаман, деган давлатлардаги тенгдошлари билан бемалол беллашувга тайёр бўлган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш масаласи истиқлол йилларда давлат сиёсати даражасига кўтарилганини қайд этдилар.
Ўзбекистонни иқтисодий ривожлантириш суръатлари — иқтисодиётнинг мафкурадан холилиги ва сиёсатдан устунлиги, давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини ўз зиммасига олиши, қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил амалга оширишдан иборат беш машҳур тамойилга асосланган марказлаштирилган-режали бозор иқтисодиётидан ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича «ўзбек модели»нинг нечоғли самарадорлиги, тўғрилиги ва ҳаётийлигини яққол намоён этди.
Тадбирда юртимиздаги бугунги тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, миллий ҳамда диний тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканлиги ҳиссини сингдириб бориш муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Таниқли шоирлар ва санъаткорларнинг истиқлолни улуғлаш ва юртни қадрлашга бағишланган чиқишлари ташкил этилган маънавий-маданий тадбирга кўтаринкилик олиб кирди.