Янгиликлар
13 апрель Адлия органлари учун тарихий аҳамият касб этган кун
13 апрель Адлия органлари учун тарихий аҳамият касб этган кун
Бундан икки йил олдин, яъни 2018 йил 13 апрелда “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва унга асосан жойларда туман (шаҳар) адлия бўлимлари ташкил этилди.
Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш, бунда бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш мақсадида ушбу бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда туман шаҳарларда адлия бўлимларининг иш юритаётганлиги ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, Тошкент вилоятининг туман (шаҳар) адлия бўлимларига биргина жорий йилнинг 1-чораги давомида фуқаролардан жами 2400 та мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 1452 таси ёки
60 фоиздан ортиғи қаноатлантирилди. Бўлимлар томонидан аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 514 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 88 та таклифлар киритилди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 5,9 млрд. сўмлик 404 та даъво аризалари киритилди.
Бундан ташқари, қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий тарғиботни ташкил этиш, маҳаллий ҳокимлик ва кенгашларнинг норматив тусдаги қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш, юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Адлия бўлимларига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда келгусида ҳам юқоридаги каби ишлар тизимли равишда давом эттирилади.
Тошкент вилояти адлия бошқармаси