Бекобод шаҳар Адлия бўлимига мурожаат қилган Ш.З. “Андижон” маҳалла фуқаролар йиғинига 14 ёшгача болалар нафақасини олиш масаласида бир неча бор мурожаат қилаётганлигини, лекин мурожаати юзасидан хеч қандай чора кўрилмаётганлиги тўғрисида шикоят қилган.
Фуқаронинг мурожаати юзасидан бевосита жойига чиқилиб, ўрганилганда, “Андижон” маҳалла фуқаролар йиғинида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳволи қониқарсиз даражада ташкил этилганлиги, фуқаро Ш.З. дан ташқари яна 10 нафар фуқароларнинг май ойида Андижон МФЙ қошидаги комиссияга 2 ёшга бола парвариши, 14 ёшгача бўлган болаларига нафақа олиш мақсадида қилган мурожаатлари ҳал бўлмасдан қолаётганлиги ҳамда ушбу фуқаролар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра тақдим қилишган хужжатлари турли асоссиз сабаблар билан комиссия мухокамасига қўйилмасдан қолганлиги аниқланган.
Адлия бўлими томонидан ушбу ҳолатни зудлик билан бартараф қилиш чоралари кўрилиб, 11 нафар фуқароларнинг оғзаки шикоятлари адлия бўлимида мурожаатларни рўйхатга олиш китобига ва шу билан биргаликда уларнинг мурожаатлари “Андижон” МФЙ қошидаги махсус комиссиянинг қайд қилиш дафтари орқали рўйхатдан ўтказилиши таъминланди.
Фуқароларнинг аризалари махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб, комисиянинг тегишли қарорлари қабул қилинди. Қайд этиш лозимки, мурожаат қилган фуқароларнинг 6 нафарига Пандемия шароитида нафақа пуллари тайинланиб, уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимояси таъминланди.
Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузилишига йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан тақдимнома киритилиб, уларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Бекобод шаҳар адлия бўлими.
Агар ҳуқуқларингиз ва қонуний манфаатларингиз бузилса, Тошкент вилояти Адлия бошқармасининг телеграмдаги @toshviladliya_bot каналига ёки 70-201-05-15 рақамли ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимларида ўрнатилган “Ишонч Телефонларига”мурожаат қилинг.