Янгиликлар
24
ЎРИНДОШЛИК АСОСИДА ИШЛАШ ТАРТИБИ
ЎРИНДОШЛИК АСОСИДА ИШЛАШ ТАРТИБИ.
Савол: Ассалому алайкум. Менга ўриндошлик асосида ишлаш тартиби ва унга ҳақ тўланиши бўйича ҳуқуқий жиҳатдан маълумот берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Жавоб:Ассалому алайкум. Ҳурматли фуқаро, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги (https://lex.uz/docs/2070161) Низомга кўра, ўриндошлик асосида ишлаш ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши ҳисобланади.
Ўриндошлик асосида ишлашда ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (соғлиқни сақлаш тизими врач ходимлари бундан мустасно). Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.
Агар ташкилотда ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда иш вақтини жамланган ҳолда ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади. Иш вақти жамланган ҳолда ҳисоблаб юритилганда ўриндошлик асосида иш вақтининг умумий давомийлиги ҳисобга олинадиган давр учун ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлмаслиги керак. Бунда ҳисобга олинадиган давр бир ойдан ортиқ бўлмаслиги, кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги эса — ўн икки соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Ички ўриндошлик асосида ишлашда иш вақтини ҳисобга олиш асосий иш бўйича ва ўриндошлик асосидаги иш бўйича алоҳида-алоҳида юритилади.
Ўриндошлик асосидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат унумдорлигига ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларга қараб, ишланган вақтга пропорционал равишда, қонун ҳужжатларида белгиланган Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разряд тариф коэффициенти асосида ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас. Ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқишда, ушбу ҳисоблаб чиқиш мақсадларидан қатъи назар, асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик бўйича иш учун иш ҳақи алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
Савол ва мурожаатлар учун
@toshviladliya_bot