Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон манфаати ва унинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ётади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 37-моддасида “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир” белгиланган бўлиб, фуқароларининг конституция билан ўрнатилган эркин ва адолатли меҳнат шароитларида ишлашини таъминлаш мамлакатимизнинг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу борада мамлакатимизда, ўтган давр мобайнида Халқаро меҳнат ташкилотининг 10 дан ортиқ конвенциялари ратификация қилиниб, меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, 1992 йилдаги “Қирқ соатлик иш ҳафтаси ҳақида”, 1992 йилдаги “Мажбурий меҳнат тўғрисида” ва 2008 йилдаги “Болалар меҳнатини энг ёмон формаларини таъқиқлаш ва зудлик билан чоралар кўриш ҳақида”ги Конвенциялари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сонли фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августдаги “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3913-сонли қарор ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидандир.
Юқоридаги Конвенция, Фармон ва Қарорларга қарамасдан айрим давлат ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари томонидан фуқароларни меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари ҳалигача учрамоқда.
Адлия бошқармаси томонидан кўрилган мурожаатлар ва ўтказилган ўрганишлар таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, жойларда бу борада айрим тизимли камчилик ва муаммолар ҳозирда ҳам кўплаб ўчрамоқда.
Хусусан, ходимларнинг иш вақтига риоя этмаслик, ҳақ тўламасдан қўшимча ишга жалб қилиш, иш ҳақини вақтида тўламаслик ёки иш ҳақидан асоссиз ушлаб қолиш, шунингдек, етарли меҳнат шароитларини таъминламаслик каби салбий ҳолатлар кузатилмоқда.
Биргина бошқарма томонидан жорий йилнинг январь ойидан июнь ойига қадар 85 та мурожаат иш ҳақини вақтида тўламаслик юзасидан ўрганилган бўлиб, улар бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар амалга оширилган ва фуқароларнинг иш ҳақлари тегишли ташкилот ва муассасалардан олиниши таъминланган.
Шунингдек, иш берувчи томонидан ходим билан меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилиш ҳолатлари учрамоқда. Хусусан, Тошкент вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси ходими мурожаати ўрганилганда, иш берувчи томонидан ходим билан меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилинганлик ҳолати аниқланиб, ташкилотга фуқарони қайта ишга тиклаш юзасидан тақдимнома киритилиб, фуқаро қайта ишга тикланиши таъминланди.
Худди шу каби камчиликларга, Республика суд тиббий-экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент вилоят филиали ва Тошкент вилоят ёнғин хафвсизлиги бошқармалари томонидан ҳам йўл қўйилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда тақдимнома киритилиб фуқароларнинг ишга тикланиши таъминланди.
Меҳнат қонунчилигига кўра, 6 кунлик иш ҳафтасида кунлик – 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти белгиланган.
Иш вақтидан ташқари ишлашга фақат ходимнинг розилиги билан ва камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланган ҳолда йўл қўйилади.
Бу каби қоидалар Халқаро меҳнат ташкилотининг “Иш вақтини ҳафтасига 40 соат давомида қисқартириш тўғрисида”ги Конвенциясида ҳам назарда тутилган.
Ушбу белгиланган тартибларга айрим ташкилотлар томонидан ҳалигача риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари АЖ Тошкент магистрал электр тармоқлари филиали томонидан ушуб белгиланган қонунчилик нормаларига амал қилинмаганлиги натижасида ташкилотнинг айрим ходимларига қўшимча меҳнатга тўловлар амалга оширилмаганлиги аниқланиб, белгиланган тартибда ҳолат юзасидан тақдимномалар киритилиб, ходимларнинг қўшимча меҳнатга тўловлар берилиши таъминланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
24 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”
ПҚ-4695-сонли Қарорига асосан Давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари ҳамда Агентлик ва Давлат инспекцияси, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар амалга оширилиши белгиланган. Аммо қарор ижроси айрим тиббиёт ташкилотлари томонидан таъминланмаганлиги ташкилот ходимлари томонидан берилган мурожаатлар асосида ўрганилди. Аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича Тошкент вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, Нурафшон шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва Зангиота туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига тақдимномалар киритилиб ходимларга 6 фоиз миқдоридаги ҳар кунлик қўшимча тўловлар берилиши таъминланди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлигининг асосий сабабларидан бири сифатида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича билимлари етарли эмаслигини кўрсатиш мумкин.
Ушбу ҳолат эса, аксарият ҳолларда уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлмоқда.
Юқоридагиларга асосан шуни хулоса қилиш мумкинки, меҳнатга оид муносабатларда инсон ҳуқуқларини таъминланиши иш берувчилар ва ходимлар ўртасида турли меҳнат низоларнинг келиб чиқишни олдини олган ҳолда уларнинг ўз иш ва хизмат вазифаларини ўз вақтида виждонан бажаришларига хизмат қилади.
Тайёрлади: С.Муҳиддинов
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи