Янгиликлар
23
Сўраган_эдингиз БОЛАНИНГ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИГА КЕЛМАГАН ДАВРИ УЧУН ТЎЛОВЛАР...
БОЛАНИНГ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИГА КЕЛМАГАН ДАВРИ УЧУН ТЎЛОВЛАР...
Адлияга савол:
Assalomu alaykum farzandim boxchada dam bolgan kunlari va borilmagan kunlar uchun xam bogcha uchun oylik tolovi kamroq tolanadimi yoki yoqmi?
ЖАВОБ: Ассалому алайкум! Ҳурматли фуқаро.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ҳамда Молия Вазирлигининг 2016 йил 23 августдаги Қарори билан тасдиқланган “Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги” (https://lex.uz/docs/3019665) ги Низомга асосан мактабгача таълим муассасасида бола таъминоти учун тўловнинг бир кунлик қиймати бир ойлик тўлов миқдорини шу ой мобайнидаги иш кунлари сонига бўлиш орқали аниқланади.
Боланинг ёки оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли, шунингдек ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим муассасасига кетма-кет уч кундан ортиқ келмаган даври учун тўланган тўловлар кейинги тўловларни амалга оширишда ҳисобга олинади. Бунда боланинг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги тўлов суммаси чиққан суммага камайтирилади. Агар боланинг келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлари учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.
Боланинг ёки унинг оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли боланинг мактабгача таълим муассасасига келмаганлиги тегишли даволаш-профилактика муассасаси ёки участка шифокори томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.
Ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим муассасасига келмаслигига ота-оналардан бирининг сабаби кўрсатилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти номига олдиндан ёзган аризаси (билдиришномаси) асос бўлиб ҳисобланади. Бунда боланинг бир йилда кўпи билан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатгача мактабгача таълим муассасасига келмаслигига рухсат берилади.
Боланинг уйда қолган бошқа барча ҳолларида мактабгача таълим муассасасида бола таъминоти учун тўловлар умумий асосларда тўланади.
Жавоб берди: Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ходими Х.Прназаров