Янгиликлар
23
Қонунчиликдаги_янгиликлар
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар қўллаб-қувватланади
“Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6208, 20.04.2021 й.) қабул қилинди.
2021 йил 1 майдан:
2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади;
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади;
2021 йил 1 июндан:
“Ёшлар дафтари”га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган миқдори компенсация қилинади;
профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга улар ишлаб-чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилади;
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларга компьютер харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади;
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ умумий ҳисобда БҲМнинг 5 бараваригача бўлган миқдори ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари компенсация қилинади‘
“Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари БҲМнинг 4 баравари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали қоплаб берилади;
Хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми компенсация қилинади.