Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 501-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

ЧИҚИШГА ЧЕКЛОВНИ ОЛИБ ТАШЛАШ УЧУН ҚАНЧА АЛИМЕНТ ТЎЛАШ КЕРАК


Вазирлар Маҳкамасининг 6.10.2018 йилдаги 808-сон қарори билан алиментларни олдиндан тўлаш ва қарздорнинг алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тартиби тасдиқланган.
 
"Алиментчиларга" вояга етмаган болалари таъминоти учун алиментларни улар 18 ёшга тўлгунига қадар бўлган давр учун олдиндан тўлашга рухсат берилган. Шунингдек вояга етмаган болалар, эр-хотинлар, ш.ж. собиқ эр-хотинлар, ёки бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахсларга алимент тўловлари тўланиши кафолати сифатида кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш мумкин. Бунда гаров қиймати 250 БҲМ дан кам бўлмаслиги керак.
 
Алиментлар олдиндан тўланганда, ёхуд уларни тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этилганда қарздордан республика ташқарисига чиқишга вақтинча чекловлар олиб ташланади ва унга алимент олувчи билан уларни тўлаш тўғрисида келишув тузмаслик имкони берилади. Эслатиб ўтамиз, доимий яшаш учун ёки 3 ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганда келишув тузилади.
 
Бу – муҳим! Тўловчида алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаганда алиментларни олдиндан тўлаш ёки уларни тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш мумкин. Яъни тўловчининг чиқишига чеклов белгиланган бўлса, уни олиб ташлаш учун аввал қарзни сўндириш, кейин эса алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятларини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш масаласини ҳал қилиш лозим. Қуйида ушбу тартиб-таомилларни амалга ошириш ҳақида батафсил сўз юритамиз. 
 
Айни пайтда «алиментчиларда» республика ташқарисига чиқишга чекловни олиб ташлашнинг 2 та усули мавжуд.
 
Биринчиси. Алимент олувчи билан уларни тўлаш тўғрисида нотариал тартибда тасдиқланган келишув тузиш. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда – судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш, у қарздорга:

алиментларнинг пул билан тўланадиган қатъий суммадаги миқдорини белгилаш йўли билан уларни бир йўла тўлашига;

алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича муайян мол-мулкни тақдим этишига;

алимент тўлаш мажбуриятларини бошқа усулда бажаришига рухсат бериши мумкин.


Тўланадиган алимент миқдори ва у тўланадиган муддат суд томонидан белгиланади.
 
Иккинчиси. Ижро ҳужжатини ижро этиш тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан бевосита судга мурожаат қилиб, у ерда келгусида алимент тўлаш мажбуриятлари масаласини ҳал этиш. Бу ҳолда ўз танловига кўра:

камида 5 йиллик давр учун алиментни олдиндан пул билан тўлаши ёки алимент олувчига мол-мулк ёхуд қимматли ашёни бериши мумкин. Тўлаш даврларини қарздорнинг ўзи танлайди, бироқ олдиндан тўланадиган алиментлар суммасини давлат ижрочиси ҳисоблайди;

алимент тўлаш мажбуриятларини таъминлаш гарови сифатида ўз мол-мулкини тақдим этиши мумкин.