Янгиликлар
07
Биласизми
КАСАЛ БОЛАЛАРГА УЙДА ТАЪЛИМ БЕРИШ
Уйда якка тартибда таълим олиш жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган, узоқ вақт даволанишга муҳтож ва тиббий кўрсатмаларга кўра доимий ёки вақтинча умумий ўрта таълим муассасаларига қатнай олмайдиган болалар учун ташкил этилади.
Уйда таълим беришни ташкил этиш тартиби
Уйда якка тартибда таълим олиш учун асос бўладиган касалликлар рўйхатида белгиланган касаллик (патологик ҳолат) аломатлари бўлган ўқувчининг ота-онаси ўқувчини тиббий кўрикдан ўтказиш учун халқ таълими бўлимида ташкил этилган тиббий-маслаҳат комиссиясига мурожаат қилади.
Тиббий-маслаҳат комиссиясига ўқувчининг касаллик тарихидан кўчирма, касаллик бўйича махсус даволаш-профилактика муассасаларининг хулосаси, заруратга кўра бошқа диагностика текширувлари натижалари тақдим этилади.
Тиббий кўрик тиббий-маслаҳат комиссиясига мурожаат қилинган кундан бошлаб 3 кун ичида ўтказилади.
Тиббий хулоса тиббий кўрик ўтказилган куннинг ўзида тақдим этилади.
Ота-оналар фарзандларининг уйда якка тартибда таълим олишларини ташкил этиш тўғрисида ариза билан мактаб директори номига мурожаат қиладилар.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ўқувчининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;
ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели (таълим олган бўлса);
ўқувчи ота-онасининг фуқаролик паспорти нусхалари;
тиббий-маслаҳат комиссиясининг тиббий хулосаси.
Мактаб директори томонидан ариза қабул қилиб олингач 10 кунда халқ таълими бўлимининг буйруғига асосан ўқувчига уйда якка тартибда таълим берувчи ўқитувчиларни бириктириш тўғрисида буйруқ қабул қилади.
Ўқувчида бир вақтнинг ўзида бир неча касаллик турлари учраса ёки унга фан ўқитувчиларидан ташқари бошқа мутахассисларнинг (логопед, психолог, дефектолог ва бошқалар) ёрдами керак бўлиб, мактабда бундай мутахассис бўлмаса, ушбу мутахассислар жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) ёки бошқа таълим муассасаларидан ўриндошлик асосида жалб этилади. Бунда ушбу мутахассисларга ўриндошлик асосида ишлаганлиги учун мактаб томонидан ҳақ тўланади.
Ўқувчига фан ўқитувчиларидан ташқари мутахассисларни бириктириш учун халқ таълими туман (шаҳар) бўлимлари масъул ҳисобланади.