Янгиликлар
Сўраган_эдингиз
Ходим билан меҳнат шартномаси қонунга хилоф асосларда бекор қилинган бўлса, лекин корхонанинг тугатилиши оқибатида ходимни ишга тиклаш имконияти бўлмаса қандай йўл тутилади?
Жавоб
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 49-бандига кўра:
ходим билан меҳнат шартномаси қонунга хилоф асосларда бекор қилинган ёки бу юзасидан ўрнатилган тартиб бузилишига йўл қўйилган бўлиб, аммо корхонанинг тугатилиши оқибатида ходимни ишга тиклаш имконияти бўлмаган ҳолатда, суд меҳнат шартномасининг бекор қилинишини нотўғри деб топиб, тугатиш комиссияси ёки корхонани тугатиш ҳақида қарор қилган органга, зарур ҳолларда эса ҳуқуқни қабул қилувчига мажбуран бўш юрган вақт (прогул) учун унга бир йилдан кўп бўлмаган муддатга иш ҳақи тўлаш мажбуриятини юклайди.
Шу билан бирга суд ходим билан меҳнат шартномасини МК 100-моддаси 2-қисмининг 1-банди бўйича корхонанинг тугатилиши туфайли бекор қилинган деб топади. Бундай ходим меҳнат шартномаси корхонанинг тугатилиши (МКнинг 67-моддаси) муносабати билан бериладиган қўшимча моддий ёрдам бериш кафолатидан фойдаланади.