Янгиликлар
Касбий маҳоратни оширишнинг долзарб масалалари
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Германиянинг Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ҳамкорлигида Самарқандда “Нотариусларнинг касбий маҳоратини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро анжуман ташкил этилди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бозор муносабатларини жорий этилиши ва ижтимоий иқтисодий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида нотариат институти ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан улар ўртасида тузиладиган мулкий характердаги шартномаларнинг тўғри расмийлаштирилиши ҳамда томонлар зиммасига олган мажбурияларини ўз вақтида тўлиқ бажарилишига боғлиқдир. Шу боис, мазкур шартномаларнинг қонунда белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлашда адлия органларининг нотариал идоралари муҳим ўрин тутади.
Халқаро анжуманда қайд этилганидек, мамлакатимизда нотариал фаолият Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик, Оила Кодекси, “Нотариат тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Нотариал ҳаракатлар ижтимоий, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш йўналишида жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда нотариат фаолияти билан боғлиқ фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари давр талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириб борилмоқда.
Президентимизнинг 2010 йилнинг 5 майдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармони бу соҳадаги ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди. Ушбу Фармонга асосан, 2010 йилнинг 15 майидан эътиборан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти тугатилди. Бу эса, нотариал идораларининг самарали тармоғини тузиш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилишнинг самарали механизимини яратишга хизмат қилди.
Таъкидлаш керакки, хусусий нотариуслар фаолияти тугатилган бўлсада, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан нотариал округлардаги эҳтиёж инобатга олиниб, қўшимча 220 та давлат нотариал идораси ташкил этилиб, республика бўйича давлат нотариал идоралари сони 540 та, нотариуслар сони эса 738 нафар этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 апрелдаги қарори билан стажёрлар сони ҳар бир лавозим бўйича республикадаги нотариуслар умумий сонининг 25 фоизини ташкил этиши белгиланди.
Барча давлат нотариал идораларининг моддий-техника базаси қайта кўриб чиқилди, фуқароларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун зарур қулайликлар яратилди, нотариал ҳаракатлар махфийлигини таъминлаш мақсадида алоҳида хоналар ажратилди. Буларнинг барчаси нотариуслар томонидан фуқароларга ҳамда юридик шахсларга кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилашни таъминлашга, нотариат институтининг нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Сўзга чиққан Германия Федераль нотариал палатаси вакиллари Ўзбекистон миллий қонунчилигидан хабардор эканликларини, унга асосан бўлажак нотариусларга қўйиладиган малака талаблари такомиллаштирилганлиги, нотариус ёши, муддатли стажировка ўташи, қасамёд қилиш тартиблари ҳам белгилаб қўйилгани мазкур институтнинг халқаро талабларга мос келишини қайд этишди. Айниқса, ҳудудий адлия бошқармалари ҳузурида нотариал архивларининг ташкил этилгани юридик ва жисмоний шахсларга маълумотномалар ҳамда архив ҳужжатлари нусхаларини олишларида катта қулайлик яратди. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий ёрдам олиш масалаларида ортиқча расмиятчиликнинг олдини олиб, нотариал ҳаракатларни ўз вақтида амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Анжуманда нотариат институтининг ташкилий-ҳуқуқий талаблари, нотариусларнинг касбий маҳоратлари, Ўзбекистонда мазкур институтни ривожлантиришнинг миллий қонунчилик асослари, соҳадаги тажрибани халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда янада бойитиш, Германия нотариат палатасининг ўзига хос жиҳатлари, бу борадаги ҳуқуқий ёрдам турлари ҳамда нотариусларнинг касбий маҳоратларини оширишда халқаро ҳамкорлик масалалари юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.