Янгиликлар
ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ
Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлигида «Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада кучайтиришнинг долзарб масалалари» мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Халқ депутатлари шаҳар, туман кенгашлари, доимий комиссияси раислари, вилоят адлия бошқармаси, фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институтининг вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбарлари, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этган тренингни ўтказишдан кўзланган мақсад, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларга амалий кўмак бериш, ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимида депутатлар ролини оширишдир.
Семинар-тренингда мамлакат Президентининг «Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти» мавзуида ўтган халқаро конференциядаги «Барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили» номли маърузасининг моҳияти, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва уларни тарғиб этишда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг роли», «Сиёсий партияларнинг Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолияти ва доимий комиссиялар ишини ташкил этиш масалалари» каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, унинг самараси, эришилаётган ютуқлар, истиқболли лойиҳалар хусусида тўхталдилар. Қолаверса, вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, янги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари, яратилаётган ишчи ўринлари, вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичларидаги сезиларли ижобий ўзгаришлар хусусида сўз борди.
Шунингдек, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва доимий комиссияларнинг 2012 йилнинг ўтган давридаги фаолияти мониторинги натижалари ўқиб эшиттирилди. Таъкидландики, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва доимий комиссиялар фаолиятида самарадорлик, таъсирчанлик кўзга ташланмоқда. Бироқ, уларнинг ишида ижобий натижалар билан бир қаторда, лоқайдлик, эътиборсизлик, сусткашлик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Йиғилишда бу борадаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлар чиқилди.