Янгиликлар
Шаклланиш ва шаклланаётган тамойиллар
Тошкент вилояти адлия бошқармасида Асосий қонунимизнинг 20 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — ҳаётимиз қомуси” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Адлия вазирлиги, вилоят прокуратураси, ИИБ, хўжалик суди, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари вакиллари, халқ таълими ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаларининг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Анжуманда таъкидланганидек, Асосий қонунимиз қабул қилинганлигига 20 йил тўлиши миллий қонунчилик тарихида ўзига хос бир даврни ташкил этди. Бу муддатни миллий қонунчилик тизими ташкил топган, шаклланган, шаклланаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, қонун ижодкорлиги кўникмаси, тажрибаси даври, деб аташ мумкин. Зеро, ҳар қандай конституциявий-ҳуқуқий давлат ҳаёти учун нормал бўлмиш конституциявий ривожланиш, яъни миллий конституциявий такомиллик 20 йиллик мустақил тараққиёт йўлини босиб ўтган, миллий тикланаётган Ўзбекистон учун ҳам хос ва мос туб ислоҳий жараёндир.
Шунингдек, тадбирда ҳар бир фуқаронинг мустақиллик моҳияти ва аҳамиятини тўғри англаб, юрт ривожи учун ҳисса қўшиши, Конституция ва қонун устуворлигига амал қилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.