Янгиликлар
Вазифалар белгилаб олинди
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёз ва енгилликлар бериш, қулай шарт-шароит ва ишбилармонлик муҳити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 августда қабул қилинган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилашга қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Тошкент вилояти ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда ушбу ҳужжатга биноан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг асосий мақсад ва вазифалари хусусида сўз юритилди.
Мазкур жамғарма кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликларига хизмат кўрсатади ва ёрдам беради. Айни пайтда ташқи бозорларнинг чуқур маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини тизимли асосда таҳлил қилиш, уларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлик даражаси ва экспорт қилиш имкониятларини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш, экспортга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги талаб ва эҳтиёжга мос келишини таъминлаш ушбу жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини ташқи бозорга олиб чиқиш, харидор топиш, шартномаларни тайёрлаш ва тузиш, экспорт операцияларини амалга ошириш, экспорт қилувчиларни эҳтимол тутилган хавф-хатарлардан ишончли ҳимоя қилиш, хорижий мамлакатларнинг қонунчилиги бўйича талаб этиладиган зарур лицензиялар, сертификат ва бошқа рухсатномалар олиш, йиғимларни тўлашда юридик, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатиш ҳам жамғарма вазифасига киради. Шунингдек, жамғарма мамлакатимиз хусусий секторининг халқаро тендер савдоларида, чет элларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда иштирокини таъминлаш ва тегишли ҳужжатларни олишига кўмаклашади.
Йиғилиш иштирокчиларига Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кўрсатиладиган бу каби ёрдам ва хизматлар атрофлича тушунтирилди. Экспортга тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгилаб олинди.