Янгиликлар
Чора-тадбирлар самараси
“Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.
(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 13-модда.)
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи давлатимиз сиёсатининг, миллий қонунчилик тизимининг асосини ташкил этади. Ушбу меъёрларнинг амалда ифодасини топиши борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.
Бу жараёнда трансмиллий жиноятчилик – одам савдосига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Масалага кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, бундай тубан жиноятлардан аҳолини, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни огоҳ этиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, прокуратураси, ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро ҳудудий комиссиялар аъзолари, жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Файзиева ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида инсон манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор берилаётгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, уни турли тажовузлардан, хусусан, одам савдосидан асрашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидлади. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Тошкент вилоятида одам савдоси билан боғлиқ жиноятчилик 2012 йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайгани бунга мисолдир.
Семинарда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини янада оширишда хотин-қизлар қўмиталарининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтиришга бағишланган маърузалар тингланди.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.