Bog'lanish

Telefon
(+998 70) 201-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Бошқарув тизимини такомиллаштириш йўлида


Тошкентда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси томонидан ташкил этилди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, қатор вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, мутахассислар, экспертлар ва олимлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори А.Абдувоҳидов ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида давлат бошқарувини модернизация қилиш ва демократлаштириш, давлат хизмати тизимини такомиллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, давлат бошқаруви соҳасида замонавий мутахассис кадрлар тайёрлаш ва уларнинг касб малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида жамият ҳаётининг барча жабҳаларини модернизация қилиш ва демократлаштиришга қаратилган қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган. Мазкур Концепцияга мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга оид қатор қонунлар қабул қилинди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш борасида изчил ишлар амалга оширилаётир.

БМТнинг «электрон ҳукумат» тараққиёти ҳолати тўғрисидаги ҳисоботида Ўзбекистонда «электрон ҳукумат» жиҳатларини татбиқ қилиш борасидаги ислоҳотлар юксак суръатлар билан амалга оширилаётгани, хусусан, бу борада ҳуқуқий асослар янада ривожлантирилаётгани ва ҳукумат портали такомиллаштирилаётгани алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида қатор ўқув муассасалари ва хорижий ташкилотлар, хусусан, БМТ Тараққиёт дастури билан бошқарув тизимини мустаҳкамлаш ва маҳаллий бошқарув органлари салоҳиятини ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, давлат хизматчиларини қайта тайёрлаш, самарали ва очиқ бошқарув тизимини яратиш борасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган.

– Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда, – деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер. – Давлат бошқаруви фаолиятини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ташкилотимиз фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.

Давра суҳбатида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг аҳамияти, давлат хизматлари тизимини такомиллаштириш ва очиқлигини таъминлаш, электрон ҳукуматни ривожлантириш каби мавзуларда маърузалар тингланди. Давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш жараёнида фуқаролик жамиятининг роли, давлат хизматларининг инновацион шакллари юзасидан фикр алмашилди.