Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 501-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

Мобил-ID тизими турли бюрократик тўсиқларга, маъмурий сансалорликларга барҳам беради


Мобил-ID тизими турли бюрократик тўсиқларга, маъмурий сансалорликларга барҳам беради

      Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатишда коррупциянинг олдини олиш, бюрократик ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

  

Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жисмоний ва юридик шахслар учун давлат хизматлари кўрсатиш кўламини ошириш, аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

       Бугун давлат хизматлари кўрсатишда замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомиллардан воз кечган ҳолда, инсон омилини қисқартириб, қоғозбозликка барҳам бериш орқали хизматлар даражасини юксалтириш талаб этилмоқда.

       Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 августда “Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсларни идентификациялашнинг Мобил-ID  тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан Mobil-ID тизимида идентификациялаш, тизимдан фойдаланиш ва идентификацияни бекор қилишни тартибга солувчи Низом тасдиқланган бўлиб, унга кўра Мобил-ID тизими — интерактив давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланувчини рўйхатга олиш, идентификациялаш, аутентификациялаш, верификация қилиш ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчилар билан алоқани таъминлашга мўлжалланган мобил телефон рақамига боғланган идентификация тизими ҳисобланади.

       Шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг  мобил иловаси орқали амалга оширилади.

       Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан бевосита Давлат хизматлари маркази ёки нотариал идорага мурожаат қилинганда шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилади. Марказ ёки нотариал идора ходими томонидан фуқаронинг юзи рақамли форматда расмга туширилади, электрон шаклда қўл бармоғи изи олинади ва мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга боғланади.

            Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланилганда масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо қўлланилади ҳамда мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга бепул боғланади.

            Фойдаланувчилар Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтгандан кейин “Тасдиқланган фойдаланувчи” мақомини олади ва барча электрон давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади.             Кредитлаш соҳасида кўрсатиладиган молиявий хизматлар бундан мустасно.

         Мобил-ID тизими орқали идентификациялаш юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмаслигини алоҳида эслатиб ўтмоқчимиз. Шунингдек, Мобил-ID тизимида идентификация ва қайта идентификациядан ўтишда бевосита маълумотларни йиғиш пунктига келиб мурожаат этганда 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмайди. 2023 йил 1 январдан бошлаб эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида тўлов ундирилади. ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали мурожаат қилинганда бепул амалга оширилади.                  Эндиликда Мобил-ID тизимидан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Барча ҳаракатлар мазкур тизимда мужассам бўлади. Бу эса бюрократик тўсиқларга, маъмурий сансалорликларга, турли қоғозбозликларга чек қўяди, дегани.

 

 

 

Бекобод шаҳар Адлия бўлими

Давлат хизматлари маркази директори                 Муродқосим Нурматов