Bog'lanish

Telefon
(+998 70) 201-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Инсон ҳуқуқлари - ОАВ нигоҳида


«Пойтахт» бизнес марказида Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан «Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашдаги бош вазифа» мавзусида семинар ўтказилди.

Семинардан кўзланган мақсад – мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ва демократлаштириш масалаларини ёритишда журналистлар ихтисослашуви, аҳоли ҳуқуқий билимларини ошириш жараёнида ҳамда мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни жамоатчиликка етказиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида қонун устуворлигини сўзсиз таъминлашда ОАВ масъулиятини кучайтиришдан иборат.

Маълумки, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш мақсадида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг бош вазифаси бу инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш, уларни ҳимоя қилишдир. Мамлакатимиз Президенти томонидан белгиланган қонун устуворлиги тамойили асосида суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Тадбир иштирокчилари суд-ҳуқуқ соҳасидаги муносабатларни тўлиқ тартибга солувчи, халқаро талабларга жавоб берувчи қонунчилик базасини шакллантириш ва такомиллаштириш босқичлари ҳақида батафсил тўхталдилар. Жумладан, фақат сўнгги етти йил давомида 60 дан зиёд тегишли қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Босқичма-босқич янгиланишлар жараёнида судлар ихтисослашуви амалга оширилди, кассация институти ислоҳ қилинди, ишларни аппеляцион тартибда қайта кўриб чиқиш тартиби, ярашув институти жорий этилди, суд юритувининг барча босқичларида томонлар тенглиги таъминланди. 2008 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилинди, судларга қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи ўтказилди, кўплаб жиноятлар таснифи амалга оширилди, улар таркибининг қарийб 75 фоизи катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди, адвокатура институти, суд ижроси тизими ислоҳ этилди.

Семинар доирасида қайд этилганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимиз инсон ҳуқуқларига оид 70 дан зиёд асосий ҳужжатларга қўшилди, мазкур соҳада БМТнинг асосий халқаро ҳужжатларининг иштирокчисига айланди, улардаги меъёрлар инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ишончли ҳимоясини таъминловчи миллий қонунчиликка имплементация қилинди. Жумладан, бугунги кунда Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича Миллий дастур, БМТ шартномавий органларининг инсон ҳуқуқлари масалаларига оид тавсияларини бажариш бўйича миллий ҳаракат режалари асосида мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида самарали фаолият юритувчи узлуксиз таълим тизими шакллантирилди. Ўқув муассасаларида «Инсон ҳуқуқлари» ва «Бола ҳуқуқлари» махсус курслари жорий этилган, барча мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асослари ўқитилади.

Семинар иштирокчилари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ва ишончли ҳимоясини таъминлашда давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси янги босқични бошлаб берганлиги ҳақида якдил фикрда бўлди. Ушбу дастурий ҳужжатда «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, судлар мустақиллиги, холислиги ва адолатлилигини таъминлаш механизмларини янада ривожлантириш, суд жараёнида тортишувликни кучайтириш, жиноят қонунчилигини эркинлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида таъкидлаганидек, «Бугун биз демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, албатта, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, бу мақсадларга эришиб бўлмаслигини ўзимизга яхши тасаввур этамиз».

Шундай қилиб, жамиятни демократлаштириш даражасининг асосий ва энг муҳим кўрсаткичи бу шахс ҳуқуқлари тўлиқ амалга оширилишининг кафолатидир. Ушбу шарт алоҳида шахс ва умуман жамиятнинг ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш вазифасининг долзарб аҳамиятини кучайтиради. Бу жиҳатдан оммавий ахборот воситаларининг роли беқиёс, зеро улар бугунги кунда жамиятдаги ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий тарбия даражаси, ҳуқуқ-тартибот ҳолати, жиноятларни олдини олиш, ҳуқуқий нигилизмга қарши курашиш ва қонунни ҳурмат қилиш туйғусини шакллантиришга катта таъсир кўрсатмоқда. Шахс ва жамиятнинг ҳуқуқий маданияти шаклланиши алоҳида журналистлар ва ОАВнинг мақсадга йўналтирилган иш фаолиятига бевосита боғлиқ бўлмоқда. Оммавий ахборот воситалари ўз фаолияти билан ижтимоий ривожланиш, шу жумладан, демократик давлатни барпо этишнинг муҳим шарти сифатида шахс ва жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришнинг муайян йўналишларини белгилайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришни давр талаби деб ҳисоблаш ўринли. Бугунги кунда ОАВ ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбиянинг турли шаклларидан янада самарали фойдаланиши, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий фаоллигини кучайтиришга салмоқли ҳисса қўшиши лозим.

Ушбу тадбир журналистлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари учун ўзига хос мулоқот майдончасига айланди, мазкур семинар туфайли ўзаро ҳамкорликнинг янги механизмларини шакллантириш, суд-ҳуқуқ мавзусини ёритишда ҳудудий нашрлардаги журналистларнинг касбий кўникмалари ва ихтисослашувини оширишга эришилди. Бу каби тизимли тадбирларнинг ҳудудлардаги ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилиши республика ОАВларида ушбу мавзуда чоп этилаётган журналистик материалларининг сифат, ғоявий ва бадиий савиясини оширишни таъминлаш имконини беради.

Семинар якунлари бўйича иштирокчилар уларни қизиқтирган масалалар бўйича батафсил маълумот олдилар, белгиланган мавзу бўйича фикрлар алмашилди, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.