Янгиликлар
Тадбиркорлик фаолияти – иқтисодий тараққиёт асоси
Адлия вазирлиги ва Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан “Тадбиркорлик фаолияти – иқтисодий тараққиёт асоси” мавзусида анжуман ташкил этилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, банк, солиқ, божхона, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси, шунингдек, бевосита турли йўналишларда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар иштирок этди.
Анжуманда қайд этилганидек, қулай инвестиция шароити ва ишбилармонлик муҳити натижасида биргина ўтган йилнинг ўзида юртимизда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлаган. Ушбу секторда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб, 190 мингтани ташкил этди. Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 55,8 фоизи айни шу соҳада ишлаб чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, жаҳон амалиётида қабул қилинган бизнесни юритиш шароитларини баҳолаш мезонлари тизимини жорий этиш ва шу асосда мамлакатимизнинг халқаро рейтингини янада ошириш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ушбу хайрли ишларнинг узвий давомидир.
Фармонга мувофиқ, 2014-2015 йилларда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Жойларда ушбу дастурдан ўрин олган долзарб вазифалар изчил ва тўлақонли бажарилиши, улар устидан тизимли назорат ўрнатилиши қатъий белгиланди. Унга кўра, 2014 йилнинг 1 июнидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида чоп этилмаган уларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар талабларини бузиш ҳолатлари учун тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чоралари қўллаш тақиқланади. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман чоп этилган фурсатдан бошлаб, уч ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киритилади.
Катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлган пойтахт вилоятида ҳам ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини оширишга муҳим устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бу ишларнинг барчаси тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш, қўшимча янги иш ўринлари яратиш дастурларини амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бунинг натижасида биргина 2014 йил I чорак якунларига кўра, вилоятда 170 тадан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг (кредит олишда, ер ва бино ажратишда, шартномалар тузишда ва бошқа маслаларда) амалий ёрдам бериш йўли билан фаолияти тикланди. Натижада 650 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Семинарда қайд этилганидек, адлия органларида тадбиркорларнинг мурожаатларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилиши ҳамда қонуний ҳал этилиши алоҳида назоратга олинган.
Ўзаро эркин мулоқот асосида ташкил этилган тадбирда яратилган имтиёз ва кафолатлар мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.