Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 501-05-15

Elektron manzil
tosh_vil@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Ижтимоий тармоқларда Янгийўл тумани Давлат хизматлари марказида фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш жараёни юзасидан тарқалган хабарлар Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Фуқароларнинг мурожаатлари, таклифлари ва танқидий фикрлари давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.

Ижтимоий тармоқдаги постда Марказнинг 3 нафар ходими меҳнат таътилида эканлиги қайд этилган. Бироқ ўрганиш натижасига кўра, айни вақтда Марказнинг 1 нафар ходими меҳнат таътилида бўлиб, қолган 5 нафар ходим фуқароларга давлат хизматлари кўрсатмоқда.

Марказда ходимларнинг тушлик вақти хизмат кўрсатиш жараёни узлуксизлигини таъминлаш мақсадида навбатчилик асосида ташкил этилган. Ходимларнинг бир қисми соат 12:00 дан 13:00 гача, қолган қисми эса соат 13:00 дан 14:00 гача тушликка чиқади. Шу боис тушлик вақтида ҳам фуқароларга хизмат кўрсатиш тўхтатилмайди.

Шунингдек, Марказда ёш болали фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кекса ёшдагиларга белгиланган тартибда навбатсиз хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш бурчаги ҳам ташкил этилган.

Ўрганиш ўтказилган вақтда Марказда фуқароларнинг ўртача кутиш вақти 20 дақиқани ташкил этган. Айни пайтда кўплаб давлат хизматларидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали электрон шаклда ҳам фойдаланиш мумкин.

Бундан ташқари, постда Халқ қабулхонасининг «Шерзод» исмли ходими сифатида тилга олинган шахс Янгийўл тумани Давлат хизматлари маркази ходими эмаслиги аниқланди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан маълумотларни эълон қилишда уларнинг ҳаққонийлиги ва холислигига эътибор қаратишларини сўраймиз.

Давлат хизматлари марказлари аҳолига сифатли, тезкор ва қулай давлат хизматларини кўрсатишни, шунингдек, келиб тушган ҳар бир мурожаат ва танқидий фикрни белгиланган тартибда ўрганиб, зарур чораларни кўришни устувор вазифа деб билади.